Достон Абдукаримов мактабимизнинг 2-синфида аъло баҳоларга ўқийди. У синфдаги энг фаол, ташкилотчи ва камтарин ўқувчилардан бири. Китоб ўқиш Достонжоннинг жону дили. Ҳозирда унинг шахсий кутубхонасида 50 дан ортиқ бадиий китоблар бор. У айниқса, «Аждар ва шаҳзода», «Оқшом эртаклари», «Онамнинг ҳикоялари», «Уч оға-ини ботирлар», «Қари билганни пари билмас», «Минг бир сўзни биламан», «Эртаклар автобуси», «Доно қиз билан бой», «Кичкинтой энциклопедияси», «Ер сайёраси», «Қанотли чумоли» каби китобларни севиб ўқийди. Бундан ташқари унинг дарсхонасидан рус халқ эртаклари, она-тили, ўқиш, математика фанларидан тестлар, инглиз тилини ўрганиш учун турли қўлланмалар ўрин олган. Достонжон синфдош дўстларига ҳам китоб ўқишни таклиф қилади. Яқинда уни туғилган куни бўлди. Унга бобоси Абдукарим ота, бувиси Зинфира, дадаси Давронбек, аяси Мадинахонлар бир нечта бадиий китоблар совға қилишди.

-Ўғлимнинг китоб билан дўстлашишига синф раҳбари, Халқ таълими аълочиси Гулнора опа Усмонованинг ўгитлари, маслаҳатлари сабаб бўлган,-дейди Достонжоннинг аяси Мадинахон опа.- Устоз ўқувчиларига  сабоқ берар экан ҳаётдаги барча ютуқларига китоб сабаб эришганлигини тинмай таъкидлайди. Биз ота-оналар синф раҳбарининг ташаббусларига қўшилиб, фарзандларимизнинг китоб ўқиши, чуқур билим олиши учун барча имкониятларни яратиб бераяпмиз. Синфдошлари Нозигул, Эъзоз, Иброҳим, Гулсанам каби ўқувчиларда ҳам 10-15 тадан бадиий китоблари бор.

Яқинда мактабда ўтказилган «Энг бой синф кутубхонаси» танловида 2 «А» синф ўқувчилари ғолиб чиққанлиги ҳам бежиз эмас. Китобхон синф ўқувчилари ва уларнинг раҳбари мактаб маъмуриятининг «Фахрий ёрлиқ» ва эсталик совғалар билан тақдирланди.

Китобни севган, у билан ошно бўлган боладан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. У ватанини, оиласини, дўстларини қадрлайди. Бу борада Достон Абдукаримов ва унинг синфдошлари барчага ибрат бўлиш-япти.

Ҳ. Ғаниев, 28-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.