Яқинда Жанубий Кореянинг Гёнгжу шаҳрида таэквандонинг WTF таснифида «Кorea open» халқаро турнири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида туманимиздаги 16-мактаб ўқувчилари Мумтозбегим Халилова ва Асадбек Ғофуров муносиб қатнашишди. Ушбу нуфузли турнирда Мумтозбегим бронза медали соҳиби бўлди. Асадбекка эса мусобақада фаол қатнашганлиги учун сертификат берилди. Ҳозирда бу икки ёш спортчи сентябрь ойида Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтадиган «Malayzia open» халқаро турнирига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Истиқлол йилларида юртимизда болалар спорти ривожига таълим-тарбия соҳасининг ривожи сифатида эътибор кучайтирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдир.

Мумтозбегим ва Асадбекнинг халқаро миқёсдаги ютуқлари мураббий Мафтуна Абдуҳакимовага олам-олам қувонч олиб келди. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошидаги таэквандо ВТФ тўгараги раҳбари М. Абдуҳакимова ҳар гал шогирдларининг ютуқларидан ана шундай чексиз қувонади.

-Тўгарагимизда 26 нафар ўсмир-қиз ва болалар шарқ якка кураши билан шуғулланиб келади,-дейди Мафтуна.- Улар қўлга киритаётган ютуқлари билан Ўзбекистон ёшлари дунёнинг хоҳлаган давлатларидаги тенгдошларидан кам эмасликлари,  улар билан бемалол беллашишга доим тайёр эканликларини исботлашмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида ўнлаб шогирдларим вилоят, республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиб, совриндор бўлишди.

Август ойининг бошларида Наманган шаҳрида бўлиб ўтган мусобақада 10 нафар шогирдим қатнашган бўлса, шулардан 5-6 нафари шоҳсупанинг юқори поғоналаридан жой олишди.

Жумладан, А. Ғоффуров ва Б. Каримов олтин, М. Халилова ва М. Абдуҳакимова кумуш, Н. Ҳамиджонова бронза медалларига сазовор бўлишди.

Мафтуна Абдуҳакимова спорт мактаби қошидаги таэквандо ВТФ тўгарагини бошқариб келади. Унинг меҳнатлари самараси шогирдлари эришаётган муваффақиятларида намоён бўлмоқда.

- Муҳтарам Юртбошимиз мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, бунинг учун етарли шарт-шароитлар яратиш ҳақида қайғурар экан: «Болаларимиз камол топадиган мажмуаларни шундай чиройли ва мустаҳкам қурайликки, бу биздан ўзига хос бир эсдалик, уларга меҳримиз ифодаси бўлсин», деб уқтирган эдилар. Спорт мактабимизнинг янги бинолари ана шу меҳрнинг яққол ифодаси бўлди. Болаларнинг спортда эришаётган муваффақиятларига ҳам ана шундай омиллар туртки бўлаяпти, -дейди М.Абдуҳакимова.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.