Яқинда Тошкентдан хушхабар келди. Пойтахтимиздаги Олимпия захиралари коллежи спорт саройида бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича республика чемпионатида ҳамшаҳримиз, 22-ДИМИ жисмоний тарбия ўқитувчиси Пўлатжон Устабоев мамлакат чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди.

Ўттиз бешдан қирқ беш ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги 60 метрлик масофага югуришда Пўлатжон 7 дақиқаю, 94 сония натижасини қайд этиб, кумуш медални қўлга киритган бўлса, узунликка сакрашда мутлақ ғолиб бўлиб, Ўзбекистон чемпиони бўлди.

Туманимиздаги 5-мактаб, педагогика коллежи ва Наманган Давлат университетини аъло баҳоларга битирган Пўлатжон бугун маҳоратли жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида болаларга таълим-тарбия бериб келмоқда.

У уч босқичли спорт мусобақалари- «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада»нинг қатнашчиси, совриндори. 2001 йили Жиззахда бўлиб ўтган «Баркамол авлод», 2004 йили Самарқандда ўтган «Универсиада-2004» мусобақаларининг енгил атлетика баҳсларида совриндор бўлган.

-Мустақил юртимизда ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, маррани янада баланд олиш пайида бўлаяпмиз. Жисмоний ва маънавий етук авлодни тарбиялаш барча қатори менинг ҳам вазифамга айланган,-дейди П. Устабоев.

Пўлатжоннинг биринчи устози отаси Мақсуджон ака Устабоев бўладилар. Ўтган йили оғир атлетиканинг тош кўтариш тури бўйича республика кубоги баҳси ота ва бола учун омадли кечганди.

Ўшанда Мақсуджон ака чемпион, Пўлатжон кумуш медаль соҳиби бўлганди.

Бу йил чемпионликни ҳам ўғли, ҳам шогирди Пўлатжон қўлга киритганидан Мақсуджон ака чексиз қувонди.

М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.