Олдин хабар берганимиздек, жорий йилнинг 19-22 октябрь кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида VII Халқаро ёш ижрочиларнинг «Муғом» кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Дунёнинг йигирматадан ортиқ давлат вакиллари иштирок этган ушбу танловда  юртимиз шарафини туманимиздаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари Толибжон Тўхтасинов ва Гулзода Ҳусанбоева муносиб ҳимоя қилишди.

- Халқаро танловда О.Азимов ва Ғ. Ашуров шогирдлари «Озарбайжон муғоми» дуэтини моҳирона ижро этиб, ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларни лол қолдиришди,- дейди 3-БМСМ ўқитувчиси А.Умаров. - Юқори балл олишга эришган ёш талантларимиз фахрли иккинчи ўринга лойиқ топилишди. Биринчи ўрин мезбонларга насиб этган бўлса, учинчи ва тўртинчи ўринларни Яман ва туркиялик ёшлар эгаллашди.

Гулзода Ҳусанбоева 27-мактабда, Толибжон Тўхтасинов эса 49-мактабда таҳсил олишади. Улар бўш пайтларида мусиқа мактабига қатнаб, санъат сир-асрорларини қунт билан ўрганишмоқда. Бу икки ёшга санъатда янада юксак парвозлар тилаймиз.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.