Яқинда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида «Кексаларни эъзозлаш йили» ва Мустақиллигимизнинг 24 йиллигига бағишлаб фахрийлар ўртасида футбол турнири ташкил этилди.

Унда Тошкент шаҳри ва вилоятининг тўртта, Наманган вилоятининг «Навқирон» фахрийлар жамоалари иштирок этишди.

Вилоятимизнинг «Навқирон» фахрийлар футбол жамоаси таркибида нафақат собиқ футболчилар, балки турли касб эгалари, зиёлилар, тадбиркорлар ҳам бор. Ҳаваскор фахрий футболчилар бундай катта-кичик турнирларда фаол иштирок этиб келишмоқда. Шуниси эътиборлики, жамоа таркибининг асосини фахрийлар ўртасида вилоят чемпиони бўлган туманимиз фахрийлар жамоаси аъзолари ташкил этишади. Жумладан, ушбу турнирда ҳам дарвозабон Аҳмадхон Эшонхўжаев, ярим ҳимоячи ва ҳужумчилар- Ҳамидхон Муйдинхўжаев, Алишер Раҳимов, Нўъмонжон Икромовлар вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди.

Янгийўлдаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаби стадионида старт олган турнирнинг очилиш маросими юқори савияда ташкил этилди. ЎФФ фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари Тўлаган Исоқов, Янгийўл тумани ҳокими Равшан Норбўтаев сўз олиб, футболимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрийларга мусобақада омад тилаб, узоқ йўл босиб, ушбу турнирга етиб келган наманганлик футболчиларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Куни кеча эса худди шундай турнирга туманимиз мезбонлик қилди. Туман марказидаги сунъий қопламали мойдонларда старт олган мусобақада «Навқирон» (Наманган), «Хотира-79», (Уйчи), «Кимёгар» (Янгиқўрғон) ва «Соғлом авлод» (Фарғона) жамоалари ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Жамоалар дастлаб 2 та жуфт-га бўлиниб, финал йўлланмаси учун майдонга тушишди. Унда «Навқирон» ва «Кимёгар» жамоаларининг қўллари баланд келди. Ҳал қилувчи баҳсда янгиқўрғонлик фахрийлар наманганлик рақибларини пенальтилар серияси бўйича мағлуб этиб, бош соврин соҳибига айланишди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда омад «Хотира-79» жа-моасига кулиб боқди.

Мусобақа якунида фахрийларга байрам дастурхони ёзилди. Ғолиблар «Маҳалла» ХЖФ вилоят бўлими, касаба уюшма бирлашмаси вилоят кенгаши, вилоят ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бошқармаси ва туман бўлими ҳамда «Чашмаи сафед» фермер хўжалигининг эсдалик совғалари ва тегишли дипломлари билан тақдирланишди. 

-Бундай турнирлар юртимизда футболнинг янада  оммалашишига хизмат қилади,-дейди «Нав-қирон» фахрийлар футбол жамоаси аъзоси  Ҳамитхон ака Муйдинхўжаев.-Бугунги кунда мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан спортнинг, шу жумладан, футболнинг ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда. Бунда Юртбошимизнинг бир қатор фармонлари дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Буларнинг самарасини кўраяпмиз. Кейинги йилларда турли ёшдаги терма жамоаларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этишмоқда. Бундан биз фахрланамиз.

-Янгийўл ва Косонсойдаги турнирлар юқори савияда ташкил этилганлигидан бағоят мамнунмиз,-дейди жамоанинг яна бир футболчиси Алишер ака Раҳимов.-Аслида фахрийларимизнинг майдонга тушиши ёшлар учун ибрат. Бундай нуфузли турнирларда қатнашиб, ёш авлод ўртасида футболни янада тарғиб ва ташвиқ қилиш, унинг оммалашиши ва ривожига ҳисса қўшиб келаётганимиздан ғурурланамиз.

А. Олимов, М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.