Инсон ҳар қандай мураккаб вазиятдан ҳам яхши гап, вазмин мулозаҳа, ақл-заковат билан чиқиб кетиши мумкин. Туйқусдан бирор ташвиш ёки муаммо юзага келса, ҳиссиётга берилиб, янглишиб қолмаслик, хато устига хато қилмаслик учун оғир-вазмин бўлиш, фаҳм-фаросат билан иш тутиш зарур бўлади. Шундай қилган киши нажот йўлини топади. Халқ эртакларида ҳатто ёзув девларнинг ҳам тавозе ва одоб билан салом берган кишига раҳм қилиши, ийиб кетиб ҳатто йўл кўрсатиши бежиз айтилмаган. Чиройли лутф билан кўнгилни обод қилиш, ўринсиз беадаблик билан эса вайрон қилиш мумкин.

Муомала маданиятида суҳбатдошни, у хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, одоб билан тинглаш, сўзини бўлмаслик, беписанд нигоҳ билан қарамаслик ғоят муҳим фазилат ҳисобланади. Шарқ донишмандлари: «Агар сен комилликда жуда баланд даражага етган бўлсанг-да, ҳузурингга келган кишига аввало ҳурмат-эҳтиром кўрсат, фикрини бил, нима демоқчи, олдинга не муддаода келганини англа, кўнгли нимадан хавотирдалигини тушун ва шунга яраша муомала қил, токи ҳузурингдан ҳеч ким кўнгли тўлмай чиқиб кетмасин», деб уқдирадилар.

Бу-ибратли насиҳат. Афсуски, ҳаммамиз учун эртаю кеч зарур бўлган бу одобга ҳамиша ҳам риоя қилавермаймиз. Ҳаёт тажрибаси шундан далолат берадики, бир қарашда ҳатто ноҳақлиги шундоқ кўриниб турган томонда ҳам маълум ҳақиқат бўлади. Ҳамиша бир томон ҳақ бўлавермайди, адолатли хулоса чиқариш учун иккинчи, учинчи томонларни эшитиш зарур.

Бундан анча йиллар аввал ўрта мактаб ўқувчисининг бахт ҳақида ёзган иншосини ўқиган эдим. Шу иншодаги баъзи фикр-лар, бошқа жойда эшитмаганим учунми, хотирамга муҳрланиб қолган: «Бахтни ҳамма ўзича тушунади. Ким учундир бахт тимсоли бўлган бирор ҳаётий ҳолат бошқа бир киши учун мутлақо аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Ва аксинча. Бахтни мен ҳам ўзимча тасаввур қиламан. Одамлар, айниқса, катта ёшли кишилар ўзларидан кичикларни эътибор билан тингламайдилар. Муҳим бир гапни, ҳатто янгиликни гапирсангиз ҳам, сизга истеҳзо билан қарашади, тушунишмайди. Менингча, агар сени тушунсалар, шунинг ўзи бахт».

Ҳаётнинг ўзига яраша мураккабликлари, синовлари бор, ютуқлар, қувончли воқеа-ҳодисалар, турфа хил янгиликлар ҳамиша бўлиб туради, аммо муаммолар ҳам борки, улар ҳеч бир кишини бутунлай четлаб ўтмайди.  Баъзан ҳаёт тажрибаси етарли, кўпни кўрган кишилар ҳам бирор маслаҳат, йўл-йўриқ, таклиф ёки оддий тасаллига муҳтож бўлиб қолади. Бундай пайтда самимий мулоқот, тинглаш маданияти асқотади,  Бирор бошлиқ ёки обрўли, қўли узун кишининг олдига келганларнинг ҳаммасига ҳам ёрдам бериш, муаммосини тезда ҳал қилиш қийин, бироқ уларнинг кўнглини кўтариш, тушкунликдан олиб чиқиш, зарур маслаҳат бериш ва янада муҳими, қабулга келувчилардан яхши таассурот қолдиришнинг ўзи ҳам катта ёрдам, инсоний фазилат ҳисобланади.

Туманларимиздан бирида ўзим гувоҳ бўлган воқеа. Хизмат сафарида эдим, идоралардан бирининг янги раҳбари олдига кириб, ишим битиши уёқда турсин, кайфиятим шу қадар бузилдики, бир-икки кун қўлимга қалам ололмай юрдим. Ёш бошлиқ ўзига ортиқча бино қўйганлардан экан, мени деярли эшитмади. Энди гап бошлаганимда, ё хизмат телефони ё қўл телефони жиринглаб қолади. Олдида одам борлигини унутиб, қўнғироқ қилаётган киши билан бемалол гаплашади, ҳиринглаб кулади, суҳбатдошига: «Э, боплабсиз, қотирибсиз, вот именно, яшанг, шундай қилиш керак бунақаларни» дейди. Бардош билан кутиб турибман. Мириқиб суҳбатлашишгач, гўшакни жойига илиб, авзойини бузганча, «Биродар, ҳали ҳам шу ердамисиз» дегандай менга ажабланиб қарайди. Оғзимни энди жуфлаганимда телефон қурғур яна жиринглаб қолади. Бу ҳам майли, тугмачани босиб, ходимларни чақиради, улардан бир нималарни сўрайди, дағаллик қилади.

Афсуски, бундай ҳолатларга жамоат транспортида, айниқса, бозорларимизда тез-тез дуч келиб турамиз. Олдиларида катта ёшли кишилар, аёллар, ёш болалар борлигини унутиб, ҳақоратли сўзларни ишлатаётган, беҳаё хатти-ҳаракатлар қилаётган айрим ёшларни кўриб, кўнгил хижил тортади.

Бошқа бир мисол. Бир йиғинда ёш ҳофиз Алишер Навоий, Машраб ғазаллари билан ижро этиладиган қўшиқларни куйлади, овози ёмон эмас, аммо у ғазал сўзларни шу қадар бузиб, чалкаштириб айтдики, даврада ўтирган кўпчиликнинг асаби бузилди. Зиёли бир киши тадбир сўнгида қўшиқчи йигитни бир четга имлаб, камчиликларини ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлганида ҳофиз: «Менга ўргатишнинг ҳожати йўқ, қандоқ айтишни яхши биламан, сиз ўзи кимсиз, ёқмаётган бўлса эшитманг», дея қўрс жавоб берди. Шу йигит устоз кўрган, ҳофизлик мадания-тини ўрганган бўлганида, отаси тенги кишининг сўзларига қулоқ тутиб, хатоларини тузатиб олган бўларди. Афсуски, у бундай қилмади. Тўйларимизда, концертларда куйлаб, тингловчиларнинг асабига тегаётган, улуғ аждодларимиз меросига ҳурматсизлик қилаётган ижрочилар, афсуски, топилади.

Улуғ аждодларимиз ўз ўгитларида «Илмли, фаҳм-фаросатли кишилар, айниқса, ёшлар билимдонликларини ҳуда-беҳудага пеш қилавермайдилар, катталар олдида сўзамоллик қилишдан тийиладилар, бошқаларни кўпроқ эшитадилар, зарур бўлмаса, одоб билан сукут сақлайдилар», деб таълим берганлар. Устозларнинг яна бир таълими-бирор-бир йиғин ёки машваратда кимдир у қадар тўғри бўлмаган ёхуд баҳсли фикрларни айтаётган бўлса, уни кескин тўхтатиб, хатоларини юзига солиш муомала маданиятига кирмайди. Бундай пайтда нотиқни тинглаб бўлиб, унга хатолари нимада эканини ётиғи билан, иззат-нафсига тегмайдиган қилиб тушунтириш яхши самара беради.

Панд-насиҳат китобларида акани ука олдида, отани бола олдида изза қилмаслик тўғрисида кўп айтилган. Муомала маданияти шундайки, ҳатто тўғри, зарур сўзни айтишнинг ҳам ўрни ва вақти бўлади. Руҳиятшунослар бирор кишини кўпчилик олдида уялтириш тарбия воситаси эмаслигини, бундай қилинса, натижа аксинча бўлишини таъкидлайдилар. Яъни ҳар қандай гапни ҳам мавриди билан, қаловини топиб айтиш керак. Бунга қуйидаги «тажриба» мисол бўла олади.

Бир киши ўғлини таниқли мусаввирнинг олдига олиб келиб, уни рассомликка ўргатишни илтимос қилибди. Мусаввир бола билан суҳбатлашибди, топшириқ бериб, лаёқатини синаб кўрибди, болада рассомликка майл йўқ. Боланинг отаси ҳурматли киши экан, уни хижолатга қўймаслик учун чора излай бошлабди. Болага тайёр расмлар жойлаштириладиган ёғоч рамкалар тайёрлашни буюрибди. Бола ишга шу қадар берилиб кетибдики, у ясаган рамкалар ўзининг нозик ва мустаҳкамлиги билан устозини ҳайратга солибди. Бола дурадгор бўлишни орзулаб юрган экан, имконият туғилганидан хурсанд бўлиб, илҳом билан ишлай бошлабди.

Орадан бир муддат ўтиб ота ўғлидан хабар олгани келибди. Мусаввир рамкаларга жойлаштирилган бир неча расмларни кўрсатиб, унга шундай дебди:

-Бу ишларимиз жуда катта меҳнат, изланиш эвазига юзага келган. Аммо сизнинг лаёқатли, меҳнатсевар ўғлингиз сурат маъносини тушуниб, мана бундай гўзал рамкаларни тайёрлаб бермаганида улар шунчаки сурат бўлиб қолаверар, мухлислар қалбига етиб бормаган бўлар эди. Шундай қобилиятли ўғилни тарбия қилганингиз ва шогирдликка олиб келганингиз учун сиздан миннатдорман.

Бу гапдан ота кўп хурсанд бўлибди. Мусаввир борди-ю, «Ўғлингизда рассомлик лаёқати йўқ, яхшиси дурадгорликка беринг» деганида, отанинг кўнгли нечоғли чўкишини тасаввур қилиш мумкин...

Сўзда сеҳр бор деганлари шу бўлса керак.

Аҳмаджон Мелибоев.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.