Меҳнат инсонни улуғлайди, деб бежиз айтмаган халқимиз. Бир жамоада узоқ йиллар ҳалол, самарали ишлаб, обрў-эътибор қозонаётган кишилар ҳақида гап кетганида маданият ходими Музаффархон ака Шарипов кўз олдимизда гавдаланади. Бутун меҳнат фаолиятини туманда маданий, маърифий-маънавий ишлар тарғиботига бағишлаган бу инсон муборак олтмиш ёшни қарши олди.

- Одамларга яхшилик қилиш, уларнинг ташвишлари билан яшаш катта бахт, -дейди туман маданият ва спорт ишлари бўлими мудири Ҳ.Қудратова. – Чунки бундай инсонлар албатта, жамиятда қадр-қиммат, ҳурмат ва эътибор топади. Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази бадиий раҳбари Музаффархон ака Шарипов ана шундай бахтиёр инсонлардан бири. У нафақат ташкилотчи маданият ходими, балки ғамхўр дўст, доно ва меҳрибон устоз сифатида ҳамкасблари меҳрини қозонган...

Тажрибали уста-дурадгор Аъламхон Шарипов бу ёруғ оламни эрта тарк этди. Оилада ҳали вояга етмаган фарзандлар тарбияси биргина Маҳбубахон ая зиммасида қолди.

- Ўшанда 1966 йилнинг қиш ойлари эди. Мен 6-мактабнинг 8-синфида ўқирдим. Отам вафот этгач, ҳовлимиз ҳувиллаб қолган, биз фарзандлар карахт ҳолда эдик. Раҳматли онам ўша кундан эътиборан умрининг охиригача бизга далда бўлиб, ҳаётда ўз йўлимизни топишимизга имкон яратиб бердилар, -деб хотирлайди М.Шарипов.

Санъатга бўлган қизиқиш ёш Музаффархонни Намангандаги маданият техникумига етаклади. Ўқишни аъло баҳоларга тугатгач, бир қанча муддат Чуст туман маданият уйида турли вазифаларни бажариб келди.

1974 йилнинг январь ойида Косонсой тумани қайта ташкил топгач туманда маданият муассасалари ва клублар фаолиятини ривожлантириш ишларида фаол қатнашди ва 1982 йилга қадар клуб услубчиси, бадиий раҳбар каби вазифаларда сидқидил ишлади. Шу йилдан бошлаб 2013 йилгача туман маданият уйи директори лавозимида фаолият кўрсатди.

- Туманнинг кўплаб маданият ва санъат дарғалари билан бирга ишлаш насиб этганидан бахтиёрман, -дейди М.Шарипов. - Қаюмжон Қориев, Ҳошимжон Турдибоев каби устозлар билан ҳамкорликда ишлаб, санъатда улкан ютуқларни қўлга киритардик. Туманимизнинг таниқли санъаткорлари билан бирга «Хушнаво» ансамблини туздик ва бу бадиий жамоа қисқа вақтда бутун мамлакатимизда машҳур бўлиб, «Ашула ва рақс халқ ансамбли» деган шарафли номга муносиб кўрилди. 1996 йили ансамбль қошида «Дилхуш» фольклор дастаси ташкил этилди. Турли ёшдаги истеъдод соҳибларини жамлаган даста «Бойсун баҳори», «Асрлар садоси» халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Меҳнат ва ижод инсонни янги-янги зафарларга чорлайди. Туман маданият ва аҳоли дам олиш марказининг аҳил жамоаси бугун жўшқин меҳнат ва ижод оғушида. М.Қаландаров, Т.Аҳмедов, Г.Изатуллаева, Х.Мирзаева, М.Ўғлонов каби санъаткорлар билан мулоқот қиларканмиз, бугун олтмиш ёшини қарши олган устозлари ҳақида самимий фикрлар эшитдик.

М.Қаландаров:

- Ўттиз йилдан буён Музаффар ака билан бирга ишлайман. Устоз учун тартиб-интизом биринчи ўринда туради. Айниқса, ҳужжатлар билан ишлаш, белгиланган режани ўз вақтида пухта-пишиқ бажаришда масъулият билан ёндашади. Фидойи ва ташкилотчи етакчи сифатида жамоада ҳурмат қозонган.

М.Ўғлонов:

- Марказда тўгарак раҳбари бўлиб ишлайман. Меҳнат фаолиятимда устозим Музаффар акадан олган ўгит ва маслаҳатлар асқотмоқда. У жонкуяр маданият ходими, меҳнаткаш инсон.

Одамларнинг маънавий дунёсини бой қилиш, бўш пайтини мазмунли ва мароқли ўтишини таъминлаш маданият ходими зиммасидаги вазифа. Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил июнь ойидаги қарори билан маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ташкил этилиши бу борадаги имкониятларни янада кенгайтирди.

- Туманимизда ҳам бундай масканларни барпо этишга эътибор кучайтирилмоқда, -дейди М.Шарипов. - Қисқа вақт ичида Қўқимбой, Косон қишлоқ фуқаролар йиғинларида эски бинолар реконструкция қилинди ва сифатли таъмирланиб, маданият ва аҳоли дам олиш марказларига айлантирилди. Уларда яратилган шарт-шароитларни кўриб ҳавас қиласан киши. Концерт заллари, тўгараклар учун алоҳида хоналарда барча шароитлар мавжуд. Биздан, айниқса ёшлардан жўшиб, ғайрат кўрсатиб ишлаш талаб қилинади ва шундай бўлмоқда ҳам.

М.АКРАМОВ

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.