Косонсой педагогика коллежида моҳир педагог, таниқли бастакор ва созанда Муҳаммадали (Алишер) Бувохўжаевнинг хотирасига бағишланган бадиий-адабий кеча ўтказилди.

Муҳаммадали ака бетакрор истеъдод соҳиби эди. У ватанга меҳр-муҳаббат, олийжаноб инсоний фазилатларни юксак пардаларда тараннум этган етук мусиқий асарлари, ибратли ҳаёти, ёшлар камолоти йўлидаги фидокорона меҳнати билан барчага ибрат бўлган эди.

«Ўзингдан кейингиларга ибрат бўлай десанг, ўзингдан илгарилардан ибрат ол» деб бежиз айтилмаган. Шу боис ҳам коллеж раҳбарияти томонидан уюштирилган тадбирнинг аҳамияти беқиёсдир. Чунки М. Бувохўжаевнинг ҳаёт йўли, жўшқин меҳнат фаолияти барча учун ибрат, эслаш ва хотирлашга арзийди.

Кечага коллеж «Камолот» ЁИҲ бошланғич ташкилоти етакчиси М. Ашурова ва бадиий сўз устаси М. Қаландаров бошловчилик қилишди.

Коллеж директори Исломжон Мўминов, фахрий устозлар  Ҳамидулло Абдуллаев, Муйдинхон Орипов, устоз санъаткор Абдунаби Мамажонов ва бошқалар сўз олиб, Муҳаммадали Бувохўжаевни хотирлаб, самимий дилномаларини изҳор этишди.

Туман маданият ва спорт ишлари бўлими, 3-болалар мусиқа ва санъат мактаби созанда ва хонандалари М. Бувохўжаев басталаган куй-қўшиқларни ижро этиб, марҳум санъаткорнинг руҳини шод этишди.

-Раҳматли М. Бувохўжаев нафақат моҳир санъаткор, балки моҳир педагог ҳам эди,-деб хотирлайди коллеж ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Шарофиддин Болтабоев.-У олий маълумотли педагог дипломини қўлига олгандан кейин бир қанча муддат мусиқа мактабида ўқитувчи, директор бўлиб ишлади. 1981 йилдан эса унинг тақдири Косонсой педагогика билим юрти, ҳозирги коллежимиз билан боғланди. Муҳаммадали аввал оддий ўқитувчи, кейинчалик кафедра мудири вазифасини бажариб келди. У изланувчан, ижодкор педагог сифатида ҳам ҳамкасбларига ибрат бўла олди. Унинг «Дунёнинг болалари», «Final-2006», «МП-3-1», «Умр боқий қўшиқлар» каби ўқув қўлланма, электрон дарслик, нотавий тўпламлари ҳали-ҳануз боғча, мактаб ва коллежларда мусиқа фанидан зарур қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

Устоз санъаткор, халқ таълими аълочиси Муҳаммадали Бувохўжаевнинг ёрқин хотираси ҳамиша қалбимизда яшайди.

Тадбирда сўз олган устоз санъаткорнинг турмуш ўртоғи Замирахон Аюпова бундай эъзоз ва эҳтиром учун коллеж раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.