48-умумий ўрта таълим мактабининг битирувчи синф ўқувчиси Комилжон Турсунбоев болалигидан тасвирий санъатга меҳр қўйди. У бўш қолди дегунча қўлига мўйқаламини олиб, ижод қиларди. Отаси Неъматжон тасвирий санъат ўқитувчиси бўлганлиги учун ҳам ўғлидаги туғма истеъдодни кўриб, унга алоҳида эътибор берди.

Унинг ўз устида тинмай ишлаши, отасининг берган маслаҳат ва ўгитлари қўл келдими, туманда ўтказилган «Иқтидорли болалар» кўрик-танловининг наққошлик ва тасвирий санъат йўналиши бўйича уч йилдирки 1-ўрин соҳиби бўлиб, вилоятда ҳам ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.

Бундан ташқари «Камалак юлдузлари» болалар ижодиёти фестивалининг Наманган вилоя-ти босқичида иштирок этиб, танловнинг «Е» йўналиши ғолиби бўлди ва махсус сертификат билан тақдирланди. «Биз обод юрт фарзандлари», «Ёш мусаввирлар», «ОИТС сиз келажак сари» «Ватанимни мадҳ этаман» кўрик-танловларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди ва биринчи даражали диплом, эсталик совғалари билан мукофотланди. «Аждодлар қаҳрамонлиги - ёшларга ибрат» кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашган ёш истеъдод эгаси Комилжон ғолиб, деб топилди ва танловнинг республика босқичи йўлланмасига эга бўлди. Комилжоннинг ана шундай комил фарзанд бўлиб вояга етишида бобоси Турсунбой ота, бувиси Тожихон аяларнинг ҳам хизматлари беқиёс. Исми, жисмига монанд Комилжон отаси Неъматжон аканинг йўлидан бориб, келажакда тасвирий санъат устаси-истеъдодли рассом бўлмоқчи

Г.Қодирова,

48-мактаб ўқитувчиси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.