Яқинда туманимиздаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари туман миқёсидаги «Иқтидорли болалар» кўрик-танловида ғолиб чиқиб, вилоят босқичига йўлланма олди. Шогирдларининг бу муваффақияти устоз-мураббий, маданият ходими, Халқ таълими аълочиси Абдурауф Раҳимовга олам-олам қувонч бахш этди.

Бу Абдурауф шогирдларининг биринчи ютуғи эмас. Мана, бир неча йилдирки, ундан мусиқа сир-асрорларини ўрганаётган ўқувчи-ёшлар вилоят, республика миқёсидаги кўрик-танловларда муносиб қатнашиб келишмоқда. Ҳозирда санъат коллежида таҳсил олаётган Шерзод Иброҳимов ҳам унинг илк шогирдларидан бири. Шерзод 2002 йили унинг қўл остида қўшиқ айтиш бўйича вилоятда ғолиб бўлганди. Кейинги йилларда ҳам Фазлиддин Абдумажидов, Қодирбек Абдуқодиров, Азимжон Исломов каби ўқувчилари чанг, қашқар рубоби сингари миллий чолғу асбобларида куй чалиш, аскиячилик бўйича турли танловларда зафар қучишган. Шогирдларининг ҳар бир муваффақияти Абдурауфнинг қалбини завқу шавқ-қа тўлдиради, мусиқа санъатига меҳр қўйиб, ёшларга унинг сир-асрорларини ўргатиб, устоз деган шарафли номни оқлаб келаётганлигига шукр қилади.

Осимжон ака ва Ойшажон опанинг камтарин ва аҳил оиласида икки ўғил, тўрт қиз камолга етди. Улар орасида иккинчи ўғил Абдурауфгина санъатга меҳр қўйиб, шу касб этагини тутди.

Бунда ўша кезларда туманда ягона бўлган мусиқа мактаби устоз-мураббийи, таниқли санъаткор Қаюмжон ака Қориевнинг хизматлари катта бўлди. 6-мактабнинг бошланғич синфи ўқувчиси Абдурауф Раҳимовнинг мусиқага иқтидорини пайқаган Қаюмжон ака уни мусиқа мактабига чорлади.

-Беш йил ҳозир ўзим ишлаб келаётган мусиқа мактабида таҳсил олиб, устозларимдан қаш-қар рубоби, ғижжак, чанг, доира, афғон рубоби, фортепиано каби мусиқа асбобларини чалиш сир-асрорларини ўргандим,-дейди А.Раҳимов. – Ўша пайтда мактабимиз алмисоқдан қолган эски бинода жойлашган, хоналар тор, мусиқа асбоблари етишмаганидан биз ўқувчилар нав-бати билан шуғулланардик. Қийин шароитда ҳам иқтидорлар етишиб чиқар, лекин бармоқ билан санарли эди. Бугун-чи? Ўзбекистонимиз мустақилликка эришгач, ёшларнинг бор иқтидорларини намойиш қилишлар учун барча шароитлар яратилди. Янги-янги мусиқа мактаблари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мана, биргина туманимизда 2 та болалар мусиқа ва санъат мактаби бор, иккиси ҳам замонавий бинога эга бўлди. Айниқса, аввалги йили фойдаланишга топширилган 4-БМСМ биносига ҳамманинг ҳаваси келади. Кенг ва ёруғ хоналар, муҳташам концерт заллари... Ҳаммаси болалар учун. Болаларимиз ҳам бу имконият ва яратиб берилаётган шароитлардан оқилона фойдаланиб, наинки вилоят, балки республика ва жаҳон миқёсидаги танловларда муносиб қатнашиб, ўзбек фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслигини исбот этишмоқда. Масалан, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудуди бўлмиш туманимизнинг ёшлари ҳам М. Қори Ёқубов номли, Мухтор Ашрафий номли республика кўрик-танловларида мунтазам қатнашиб, ғолиблар сафидан жой олишмоқда. Қодирбек Абдуқодиров, Азизжон Акбаров каби шогирдларим, мана, бир неча йилдирки, «Ўзбекистон» миллий телерадиокомпаниясининг «Тараннум» кўрсатувининг доимий иштирокчиларига айланишган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шогирдларимнинг камолини кўриш, мен учун бахт.

Шогирдларининг янги-янги ютуқларидан илҳомланган А. Раҳимов ишлаб, изланишдан чарчамайди. Бундан тўрт-беш йил бурун иқтидорли шогирдларидан иборат «Садаф» гуруҳи ташкил этиб, турли байрам ва тадбирларда концерт дастурини намойиш этиб келмоқда. Гуруҳ репертуаридан она- Ватан, юрт истиқболи, меҳр-муҳаббатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ўрин олган.

Меҳнатлари муносиб баҳосини топиб, туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурномалари билан тақдирланган. Ўтган йили эса «Халқ таълими аълочиси» унвонига эга бўлди.

Ўз юртинг, касбу коринг, шогирдларингдан фахрланиш - бу бахт, буни ҳис қилиб яшаш кўзни ҳам, қалбни ҳам яшнатади. Абдурауф Раҳимов ана шундай бахтли инсонлардан.

М.АКРАМОВ.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.