Биринчи лиганинг «Шарқ минтақасидаги ўйинлар «Ғарб»никига қараганда қизиқарлироқ кечмоқда. Хусусан, мазкур минтақада яққол пешқадамни кўрмаяпмиз. Олий лигага даъвогар «Оқтепа» олтинчи турдаёқ иккинчи мағлубиятни тан олган бўлса, турнир жадвалини бошқариб турган «НБУ Осиё» рақибларидан яққол ўзиб кетолмаяпти.

Мавсумни кўтаринки руҳда ўтказаётган «Косонсой» олдинги турда пешқадам тошкентликлар меҳмони бўлиб, кичик ҳисобда (0:1) имкониятни бой берди. Жамоанинг Б. Мамажонов ва И. Исмоилов каби етакчилари жароҳат сабаб майдонга тушмаганлиги мазкур ўйинда панд берди.

Шу ўринда айтиш керакки, «Косонсой»нинг икки нафар футболчиси – Д. Исоқов (5 та) ва С. Сотиволдиев (3 та) тўпурарлар баҳсида пешқадамликни сақлаб турибди.

Олтинчи турдан сўнг жамоамиз 12 очко жамғариб, турнир жадвалининг 3-поғонасидан жой олиб турибди. Навбатдаги тур ўйинлари бугун бўлиб ўтади. «Косонсой» ўз майдонида «Ёзёвон» жамоаси билан куч синашади.

А.ЗАРИПОВ.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.