Инсон цивилизация асрига қадам қўяр экан, ҳар бир янгиликни ўзлаштиришга, ўрганишга интилади. Бироқ тан олиш жоизки, бу янгиликларнинг ҳаммаси ҳам хайрли ва эзгу амаллардан иборат эмас. Гиёҳвандлик эса цивилизация асрининг энг оғриқли муаммоларидандир. Чунки бу бало шиддат билан тарқалиб, дунё аҳлини таҳликага солиб қўймоқда. Гиёҳвандлик балосига мубтало бўлган инсон эса жамиятдагина эмас, ҳатто ўзлигидан, тафаккуридан айрилиб манқуртга айланиб қолаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Динимиз кўрсатмалари инсонлар орасида ўзаро меҳр-муҳаббат ҳамкорлигини ўрнатиш ва уни мустаҳкамлашга қаратилган.

Шу боисдан ҳам шариат инсон эзгу ишлари, хайрли амаллари билан жамият равнақига ўз ҳиссасини қўшишга эътибор қаратишини таъкидлайди. Гиёҳвандлик балоси эса мислсиз офатлар солиши тайин. Шариат асосларига хилоф бўлган гиёҳвандлик инсоннинг имон-эътиқоди ва динига зиён етказади.

«Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар». Ҳадисда фикр этилган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда «наркотик» деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир.

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни маън қилган. «Исломда ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир».

Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. У етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик хароб, барбод қилса, худди шунингдек, шахс ва  жамиятнинг мол-мулкига ва моддий аҳволига ҳам мислсиз талофат кўрсатади. Унинг оқибатида тинч-тотув оилалар барбод бўлади, болалар муҳтожликда яшашга мажбур бўлади. Бу оғу етаклаб борган манзил эса шу қадар аянчлики, касаллик кўп ҳолларда ўлимга маҳкум қилади. Ҳолбуки, ҳеч бир инсоннинг Аллоҳ таолодан ўзига ато этилган умрини ва мол-мулкини исроф қилишга ҳаққи йўқ.

Гиёҳвандлик балоси бугун юздан ортиқ давлатларга таҳдид солмоқда. Шукрки, юртимизда гиёҳвандликка қарши курашишга қаратилган хайрли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Ҳукуматимизнинг тегишли қарорлари асосида бу иллатга қарши курашиш янада кучайтирилди.

Гиёҳвандлик офатидан халқимиз ва келажак авлодни асраб-авайлаш ва уларни моддий ва маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайр-ли ишларни амалга ошириш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз-дир.

А.СуЛТОнов, «Имом Ҳусайн» жоме масжиди имом-хатиби.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.