Жиноят ишлари бўйича туман судининг очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасининг 1-қисми билан Ҳамиджон Юсуповнинг (исм-шарифи шартли) жиноят иши кўрилди.

Хўш, уни суднинг «қора курсиси»га нима етаклаб келди? Аниқланишича, Косон ҚФЙ, «Баҳористон» маҳалласида яшовчи Ҳ. Юсупов фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлар-аро судининг 2005 йил 18 март-даги буйруғига кўра, ундирувчи Ҳ. У. нинг фойдасига бир нафар вояга етмаган ўғли учун ҳар ойда топган даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент пули тўлашлиги белгиланган бўлсада, бундан қасддан бўйин товлаб, 2005 йил март ойидан 2014 йилнинг июнь ойига қадар жами 20.862.016 сўм алимент пулини тўламасдан келган.

Суд Ҳ. Юсуповни айбдор деб топди ва фуқаровий даъвогар Ҳ.У.га алимент пулини ундириш билан бирга олти ой муддатга қамоқ жазоси тайинлади.

Ҳа, оталик вазифасини бажармай келган. Ҳ. Юсупов охир-оқибат темир панжара ортига йўл олди. Ота бўлиш осон, аммо оталик вазифасини бажариш қийин, деганлари шу бўлса керак-да.

Афсуски, бу ягона мисол эмас. Ҳар бир ота-она фарзанди униб-ўсиши, камол топиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун қўлидан келганича ҳаракат қилади. Бироқ орамизда арзимас баҳоналарни рўкач қилиб, ўз оиласини барбод, фарзандларини тирик етимга айлантираётган оталар борлиги кўнгилларга оғриқ беради. Фарзандни дунёга келтириб, бор энди, қандай яшасанг, яшайвер, деб уни мушкулотга ташлаб қўйган Ҳ. Юсупов сингари оталарнинг қилмишини қандай баҳоласа бўлади?

Суд мажлиси жараёнларида кўпинча «моддий аҳволим оғир, шу боис алиментни ўз вақтида тўлолмадим» деган важларни айтиб, ўз қилмишларини ҳас-пўслашга уринадиганлар ҳам учраб қолади. Лекин шу йиллар давомида бошқа аёлга уйланиб, икки-уч нафар фарзандли бўлган отанинг аҳволини рўкач қилишини оқлаб бўладими?

Мустақил юртимизда оилага, она ва болага кўрсатилаётган эътибор ва ғўмхўрлик дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамайди. Бунга жавобан ҳар бир инсон халқ фаровонлиги, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш билан бирга, оилани муқаддас билиб, унинг ҳамжиҳатлигини таъминлаш, фарзандларни шу юртга муносиб этиб тарбиялашга интилиши керак.

Виждонли, иймон-эътиқодли киши аввало, оилани муқаддас билиб, уни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.

М.Киргизов, жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди раиси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.