Халқимиз билимли, зукко, етти ўлчаб бир кесадиганларни маънавиятли инсонлар дейишади. Маънавият инсон рухий ҳолати билан боғлиқ ҳодиса. Инсоннинг нечоғлиқ заковатли, теран фикрли бўлиши, бевосита унинг маънавий олами билан муштарак. Зеро, одам боласи ҳаёт чорраҳаларида ўз ақлу-заковатига таяниб умр кечиради.

Дангаса, ишёқмас, гап сўзида маъно йўқ, ким нима деса ўшанга кўр-кўрона эргашиб кетаверадиганларни оғмалар, деб аташади. Ундай кимсалар ҳаётни енгил-елпи қарашлари билан ўлчайди. Фикри торлигидан билиб-билмай йўл қўйган хатоларидан азият чекадилар. Таъбир жоиз бўлса, бундай кимсалардаги маънавий бўшлиқ, мулоҳазасизлик уларга жуда қимматга тушади.

Глобаллашув жараёнлари интернет тармоғининг тез ва шиддат билан тараққийлашувига сабаб бўлаётгани сир эмас. Бу кўпчиликнинг интернет билан боғлиқ муаммоларини ижобий маънода ҳал қилаётгани ҳам рост. Бироқ интернетдан кўр-кўрона фойдаланиб, ўзи тушуниб-тушунмайдиган ёки унда тарқатилаётган бузғунчи ғоялар қулига айланиб қолаётган инсонлар ҳам борлигини тан олмай иложимиз йўқ.

Судланувчи Исроил Ҳабибуллаевни (исми, шарифи ўзгартирилган) шу тоифадаги кишилар сирасига киритиш мумкин. Исроилга ҳам кўплаб ёшлар орасида тарқалиб кетган бир “дард” теккан: уяли алоқа телефонисиз бир дақиқа ҳам тура олмайди. Ўзининг доимий иш ўрни бўлмаса-да, бироқ пул топди, дегунча телефонига пул ўтказиб, интернетга муккасидан кетади. Уч нафар вояга етмаган (шундан икки нафари ногирон) фарзандлари учун эмас, балки “Одноклассники.ру”, “Фейсбук” ижтимоий тармоқлари учун кетадиган интернет пакетлари учун сарфлайди.

И.Ҳабибуллаевнинг “қизиқишлари” уни диний экстремистик оқим тарафдорлари томонидан ташкил этилган “Одноклассники.ру” саҳифасидаги “Тавҳид” гуруҳига аъзо бўлишига сабаб бўлди. Гуруҳда дастлаб соф Ислом дини, сўнг экстремистик ғояларни сингдирувчи материаллар И.Ҳабибуллаевни ҳам ўз таъсирига олди. У ўзи танишган материалларни бошқалар ҳам танишиш лозим, деб ҳисоблаб, “класс” босиш усули орқали бошқаларга ҳам тарқатди. Улар орасида “экстремизм”, “терроризм”, “бузғунчилик” каби мазмундаги “Ҳаром ўлган инсонлар”, “Онажон”, “Шеър муаллифи” номли бир қатор видеороликлар ўрин олган.

Замона зайли билан “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда эмас, қирқ кунда чиқмоқда”. Дарҳақиқат, И.Ҳабибуллаевнинг ноқонуний ҳаракатлари у чегара пости орқали хорижга чиқаётган вақтда божхона ходимлари томонидан шахсий телефон аппарати кўздан кечирилган вақтда аниқланди. Тегишли тартибда суриштирув ҳаракатлари амалга оширилиб, материаллар одил суд томонидан қонуний тартибда кўриб чиқилди. Афсуски, И.Ҳабибуллаев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг бир қатор моддалари билан жиноий жавобгарликка тортилди...

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади: Нима учун айрим инсонлар мавжуд қонунларни ўрганиш, уларга амал қилиш, мағзини чақиш ўрнига ўз билганларича иш тутишга ҳаракат қиладилар? Бу ҳам етмаганидек, гоҳида ўзларини ҳақ, деб ҳам ҳисоблайдилар. Боз устига, одил суд қаршисида қонунни билмасликларини рўкач қиладилар. Мазкур мақола И.Ҳабибуллаев сингари инсонлардан ақалли бир нафарини тўғри йўлга солиб, бошқаларга сабоқ бўлса, мақсадимизга эришган бўламиз.

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.