Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сувдан фойдаланишни янада такомиллаштириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борада фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан йўлга солиш мақсадида қатор қонунлар ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги "Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори билан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун янги солиқ ставкалари тасдиқланди ва 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб амалга киритилди.

Мазкур қарорга мувофиқ эндиликда:

саноат корхоналари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни оширилган ставка бўйича (ер усти манбалари 300 сўм, ер ости манбалари 360 сўм) тўлаш белгиланди. Шунингдек, барча автотранспорт  воситаларини ювиш корхоналари, солиқ солиш тизимидан қатъий назар, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни (ер усти манбалари 1000 сўм, ер ости манбалари 1250 сўм) тўлашлари шартлиги белгилаб қўйилди.

Мазкур ўзгартириш натижасида саноат, маиший - коммунал хўжаликлари ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш мақсадида сув ресурсларидан тежамкорлик билан оқилона ва самарали фойдаланилиб, чучук сув манбаларининг ифлосланиши олди олинди.

Шунингдек, мазкур қарор билан манфаатдор вазирлик ва идораларга Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети параметрларини шакллантириш доирасида барча тоифадаги солиқ тўловчиларнинг сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини танқидий қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 367-моддасида юридик шахслар, ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланилаётган бўлса, ўша қисмида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб беш йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод қилиниши белгиланган.

 

Б. Қуролов, туман ДСИ бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.