Ватанимиз мустақиллиги, суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини муҳофаза қилиш шу муқаддас заминда яшовчи ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

Туманимиз чегараолди ҳудудлардан биридир. Шу боис ҳам аҳоли, хусусан, ёшлар орасида чегара қонунчилигини кенг тушунтириш долзарб вазифалардан бирига айланган. Ана шу мақсадга қаратилган «Она юрт сарҳадлари», «Ватан остонаси муқаддасдир», «Давлат чегараси», «Чегара дахлсизлиги» каби мавзуларда турли-туман тадбирларни уюштиришга эътибор кучайтирилмоқда. Бу билан аҳолига Ўзбекистон Республикасининг «Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунча беришга, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, товар-моддий бойликларнинг олиб чиқиш ва олиб кириш борасидаги қоидабузарликларнинг олдини олишга эришган бўламиз.

Минг афсуски, айрим фуқароларнинг чегара қонунчилиги талабларини била туриб, билмасликка олаётганликлари ташвишланарли ҳолдир. Мингбулоқ туманида яшовчи Г. Абдувалиева айланма йўллар орқали белгиланган тартибни бузиб, туманимизнинг Хон-қўрғон қишлоғидан ўтган қўшни давлат билан чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва икки кундан кейин, яна шу жойдан ортга қайтаётганида ҳарбий қисм чегара хизматчилари томонидан ушланган.

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонунида давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар ва бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш белгиланган ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилиши (11-модда) алоҳида кўрсатиб қўйилган. Афсуски фуқаро Г. Абдувалиева бу тартибга амал қилмай, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 223-моддаси 2-қисмининг «в» бандида назарда тутилган жиноятни  содир этди.

Суд Г. Абдувалиевани айбдор деб топди ва қонуний жазо чораси белгилади. У юқорида эътироф этганимиздек, чегара қонунчилигидан, давлат чегараси, унинг дахлсизлиги муқаддас эканлигини била туриб, қонунга хилоф равишда иш тутгани ғоят ачинарли ҳолдир. Г.Абдувалиева «Давлат чегараси тўғрисида»ги қонунда фуқаролар учун яратилган имкониятдан фойдаланганида бу ҳолга тушмаган бўларди. Бу ҳар бир фуқарога сабоқ бўлиши керак.

М.Киргизов,  жиноят ишлари

бўйича Косонсой туман суди раиси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.