Жорий йилнинг 20 июлида Президентимиз  томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Қонунга кўра, Жиноят кодексининг бир неча моддаларига ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, кодексининг  64-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, жавобгарликка тортиш муддати қисқартирилди.

2411-моддада жиноятни ҳисобга олишни қасддан яшириш икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди. Илгари бу жиноят учун энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорида жарима жазоси ҳам мавжуд эди.

Жиноят-процессуал кодексининг 1877-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, тафтиш ўтказиш муддатини узайтириш молия-хўжалик фаолиятининг тафтишини ўтказувчи шахснинг асослантирилган илтимосномаси бўйича суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори билан Бош прокурорнинг ёки унинг ўринбосарининг розилигига кўра (илгари фақат суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори билан узайтирилган) ёхуд суднинг ажрими билан:

тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўттиз календарь кунга (илгари аниқ муддат белгиланмаган эди);

давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек устав фондидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда бўлган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан суриштирувнинг, дастлабки терговнинг ва суд мажлисида жиноят ишини муҳокама қилишнинг ЖПКда белгиланган муддатларидан ошмайдиган муддатга узайтирилиши мумкинлиги белгиланди. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 74-моддасига киритилган қўшимчаларга кўра, ер ости қатламларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, ер ости сувли қатламларидан сув олиш лимитларини бузиш, ер ости сувидан ўзбошимчалик билан сув олганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Қ. Авезматов, туман адлия бўлими бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.