Юртимизда уй-жойни сотиб олиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамай, узоқ йиллар давомида айрим фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ноқонуний шахсий турар-жойлар қуришган. Ўз-ўзидан аёнки, бундай ҳолатлар биринчи навбатда жойлардаги маҳаллий ижро, шу жумладан, ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг лоқайдлиги сабаб юзага келади. Қолаверса, фуқароларга шахсий турар жой қуриш учун ноқонуний равишда ер участкаларини муайян тўлов эвазига бериш бўйича фермер ва деҳқон хўжаликларининг тил бириктириш фактлари мавжуд. Юртимизда шу каби ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида хайрли ишларга қўл урилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелда қабул қилинган "Фуқароларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида"ги Фармони бу борада устувор аҳамият касб этади. Ушбу фармонда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акция-сини ўтказиш назарда тутилган бўлиб, мазкур акция 2019 йил 1 майга қадар давом этади. Мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва кадастр ҳужжатларини бериш учун 2 та шарт қўйилади:

- ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;

- ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса.

Жорий йил 21 июнда мазкур фармон ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, белгиланган акция доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Низомда белгилаб қўйилганидек, кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) комиссиялари тузилади. Комиссиялар иши "республика - вилоят - туман (шаҳар)" уч поғонали принцип бўйича амалга оширилади. Жараённи республика комиссияси тегишли тартибда мувофиқлаштириб, назорат қилиб боради. Комиссия аъзолари ўртасида ахборот алмашиниш идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали йўлга қўйилади.

Хўш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш тартиби қандай амалга оширилади?

Аввало, жисмоний шахс (унинг қонуний вакили) бу ҳуқуқни олиш учун иморат жойлашган ҳудуддаги Давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага мурожаат этувчининг паспорти нусхаси; оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бош-қариш органларининг маълумотномалари илова қилинади. Мурожаат этувчидан бундан бошқа маълумот ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади. Мурожаат этувчи аризани ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Мурожаат этувчи томонидан тақдим этилган ёлғон маълумотлар ёхуд унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги аризани қабул қилмаслик (рад этиш) учун асос ҳисобланади ва аризани бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Ариза рўйхатдан ўтказилгандан кейин Давлат хизматлари маркази ходими мурожаат этувчига ариза олингани тўғрисида тилхат беради ёки рўйхатдан ўтказган рақамини кўрсатган ҳолда, ариза нусхасида унинг қабул қилингани тўғрисида тегишли ёзувни қайд этади.

Мурожаат этувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Давлат хизматлари маркази ходими томонидан сканерланади ва бир соат мобайнида тизим ор-қали ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг туман (шаҳар) филиалларига юборилади.

Шу тариқа комиссия ишчи органи ариза келиб тушгандан сўнг 3 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг аризасида кўрсатилган жойга чиққан ҳолда, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиб, унинг техник планини шакллантиради. Сўнгра уни комиссия аъзоларига ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга электрон ҳамкорлик тизими орқали тақдим этади.

Комиссия аъзолари эса келиб тушган ариза бўйича ишни 5 кун мобайнида жойида ўрганиб, ўрганиш натижаларига кўра, кўчмас мулк объекти бўйича ўз хулосаларини комиссия ишчи органига электрон тизим орқали етказади.

Комиссия томонидан мурожаат этувчининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин, деб топилганда, у ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган тўлов (энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдоридаги бир марталик йиғим)ни амалга оширади.

 

Қ. Авезматов, туман адлия бўлими бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.