Гиёҳвандлик бугунги кунда бутун дунё аҳлига жиддий хавф солмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошида Гиёҳ-вандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишини назорат қилиш қўмитаси ишлаб турибди. Кўплаб давлатларда гиёҳвандликка қарши муайян тадбирлар, йирик-йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши аёвсиз кураш олиб бориляпти. Жамиятнинг оғриқ нуқтаси ҳисобланган заҳриқотил истеъмолчиларига, наркотик моддалар савдоси билан шуғулланаётган кимсаларга нисбатан муросасиз кураш олиб бориш давлатимизнинг муҳим вазифаларидан бирига айланган.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, гиёҳвандлик натижасида жуда оғир хасталиклар - ОИТС, жигар циррози, сил, ўсма касалликлари, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши, ҳомиланинг ёмон асорат билан туғилиши кузатилади. Ҳозирги кунда гиёҳвандлар орасида ОИТСнинг олдини олиш мақсадида "Ишонч пунктлари" ташкил этилган. Бу масканларда касаллик тарқалиши хавфининг олдини олиш мақсадида тиббий ёрдам берилади.

Бу иллатга қарши курашишда, энг аввало, ўсмирни наркотиклар томон етаклайдиган сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш лозим. Бу иллатга берилганларнинг ўзлари тан олишларича, асосан қизиқиб қолиш, зерикиш, тенгдошларидан ортда қолмаслик, таъқиқ каби сабаблар наркотикларни татиб кўришга етаклар экан. Кўпинча наркотик қабул қилиш орқали ўзини катталардек ҳис этиш, қушдек енгил бўлиш ва муаммоларни унутиш каби кенг тарқалган ёлғон тасаввур туфайли ҳам ўсмир бу йўлга қадам қўяди. Яна бир сабаб - наркотик моддалар, уларнинг таъсири ва оқибатлари ҳақида етарли маълумотларга эга бўлмаслик. Демак, гиёҳвандликка қарши курашувчи ташкилотлар, уюшмалар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, гиёҳвандликнинг оқибати ва зарарлари ҳақидаги ахборот-тарғибот ишларини янада кучайтиришлари зарур. Айнан шу мақсад йўлида фақат ўз фарзандимиз эмас, атрофдаги ўсмирларга ҳам эътиборли бўлайлик

 Қобилжон Авезматов, 

туман адлия бўлими бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.