Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 27 июль куни мамлакатимизда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идоралари масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида жиноятчиликнинг келиб чиқиши сабаби, жамият ва оилада учраётган айрим салбий ҳолатларга эътибор қаратиб, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича аниқ топшириқлар берди.

Юртимизда халқимиз тинч ва осуда ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган кўплаб эзгу ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг бир қатор Фармон ва қарорлари, қонунлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жиноятчилик, ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни ўтказишга эътибор кучайтирилиб, уларда кенг жамоатчиликнинг иштироки таъминланмоқда. "Менинг маҳалламда жиноятга ўрин йўқ", "Жиноятчиликдан ҳоли ҳудуд", "Хавфсиз шаҳар", "Хавфсиз дам олиш" каби лойиҳалар жорий этилмоқда. Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар ўзининг натижаларини бермоқда. Айрим турдаги жиноятларнинг кескин камайишига эришилди. Жумладан, жиноятлар жорий йилнинг 6 ойида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 39 фоизга камайишига эришилди. Аммо йиғилишда айрим хавотирли рақамлар келтирилдики, бу барчамизни янада ҳушёрликка ундади. Қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик каби жиноятлар сони ошганлиги ташвишланарлидир.

Маълумотларга кўра, жиноятчилик ҳолатлари жорий йилнинг олти ойида ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан муайян даражада камайгани ҳолда ҳудудларда айрим жиноят турлари озайиш ўрнига кўпайган. Маҳаллалар кесимида олиб қаралганда вазият яхши эмаслиги маълум бўлади.

Биргина вилоятимиздаги 770 та маҳалланинг 383 тасидагина жиноят содир этилмаган, холос.

Йиғилишда Наманган вилоятида оғир турдаги жиноятлар сони 65,8 фоизга ортганлиги тилга олиниб, Косонсой, Наманган, Норин туманлари, Наманган шаҳрида қотиллик, қасддан баданга шикаст етказиш, босқинчилик, фирибгарлик каби иллатларнинг олдини олиш борасидаги профилактика ишлар самарадорлиги пастлиги кескин тан-қид остига олинди.

Президентимиз ташаббуслари билан маҳаллаларда хотин-қизлар, нуронийлар ҳамда ёшлар билан ишлайдиган янги-янги лавозимлар жорий этилди. Бироқ бу ўринга муносиб кўрилган айрим фаолларимиз ҳанузгача зиммаларидаги шарафли ва масъулиятли вазифани сидқидил бажаришга киришиб кетолмаяптилар, уларда ташаббускорлик, ғайрат-шижоат, фаоллик етишма-япти. Агар улар ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда ишлашни яхши йўлга қўйганларида эди, маҳаллаларида жиноятчилик барҳам топарди.

Туманда секторлар кесимида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида "Йўл харитаси" ишлаб чиқилиб, унга асосан оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолини, айниқса, ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинган.

Хўш, бу вазифаларнинг ижроси қай даражада таъминланмоқда? Бунда кенг жамоатчиликнинг иштироки қандай? Носоғлом муҳитдаги, оғир шароитдаги оилалар билан режали равишда иш олиб бораяпмизми? Бу саволлар ҳар биримизни ўйлантириши керак.

Туманда оилавий ажралишларнинг олдини олиш, нотинч оилаларни яраштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, йил бошида ўтказилган "Яраштириш комиссияси ойлиги" кунларида муайян ишлар қилинди. Ойлик доирасида ўтказилган тадбирларда 84 та оилани (9 март ҳолатига) яраштиришга эришилди. Лекин ҳали ҳануз оилавий ажримлар барҳам топмаяпти. Оилавий жанжаллар низолар келтириб, унинг ортидан жиноятни олиб келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Оилавий келишмовчилик ҳақида ёзаверамиз, йиғилишларда оғиз кўпиртириб гапираверамиз, маърузаларнинг эса сон-саноғи йўқ. Аммо натижа билан қизиқмаймиз. Биргина мисол: келини кетма-кет қиз фарзанд кўравергани сабаб, унга кун бермайдиган қайнона охири куппа-кундуз куни қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй олдида келинини фарзандлари билан кўчага чиқариб қўяди. Ношукур қайнонани ҳеч ким йўлдан қайтармайди. Ҳамма томошабин. Бу ҳам етмаганидек, энг алам қиладигани, "Ўғлингизга хоҳлаган қизни олиб беришга қодирсиз", дегувчилар ҳам борлигидир. Уларни ким деб аташ мумкин? Инсон дейишга тилинг ҳам бормайди. Ўғилми, қизми, фарзанд-ку, инсон-ку, ахир. Билмайсан-ку, қайси биридан яхшилик кўришингни, берганига шукр қилиш ўрнига ўзингдан кетасан. Тирноққа зор бўлиб қолганингда нима қилардинг?

Авваллари келиннинг кетиб қолиши қайнона, қайнота учун уят саналган. Ҳозирги айрим қайноталарнинг келин билан умуман иши йўқ. Хонадонда исми бор бир жонзот. Охири юқоридаги оила дарз кетди. Уруш-тўполон бўлди. Жиноят содир этилди. Мана сизга ҳаётий муаммо. Бизнингча муаммо бошқа жойда. Инсоннинг биргина душмани-лоқайдлик. Энг аввало, мана шу бепарволикдан қутулишимиз керак. Лекин қандай қилиб? Табаррук онахонимиз айтадилар: Ҳаёт шундай. Бир кун бахтли, иккинчи кун ғамгинсиз. Ойнинг ўн беши қоронғу ўн беши ёруғ. Инсонга умр бир марта - кўп синовлар, тасодифлар билан бирга берилади. Аслида дунёга келишимизнинг ўзи мўъжиза. Катта-катта олимлар дунёнинг мўъжизаси деб алланарсаларни санашдан чарчамайдилар. Тўрт муччамиз соғлиги, кўзимизни кўриши, қулоғимизни эшитиши, гапира олишимиз ва ҳоказо ҳаммаси бир катта мўъжиза эмасми? Онажонимнинг гапларидан хулоса шуки, бизлар бу ёруғ оламга келиб фикрламасак, мушоҳада қилмасак, мақсадни йўқотиб қўямиз.

Фикрлаган инсон ҳеч ҳам нолимайди, бугунги кун қоронғу бўлса, эртанги кун ёруғ келишига ишонади. Баъзилар ноиложлик, камчилик, оиладаги, ишдаги келишмовчиликлар туфайли ўзини бахтсиз, сезади. Инсон нимадандир бугун ютқазса, эртага, албатта, ютади.

Бундан икки-уч йил муқаддам Чўнгбош маҳалласида ўта оғир-қотиллик жинояти содир бўлганди. Буни ёдга олишимизга сабаб, бу жиноят муқаддас аёл, она томонидан содир этилганди. Бу аёл қилмишига яраша жазосини олди.

Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган муқаддас аёл нега жиноятга қўл урди? Вазият шу даражада танг ҳолатга етиб бормаслиги мумкинмиди? Албатта, мумкин эди. Қачонки, жамоат ташкилотлари, мутасадди идоралар вакиллари, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғ, умуман, кенг жамоатчилик лоқайд ва бепарво бўлмаганларида эди, бу аёл мудҳиш жиноятга қўл уриб, темир панжара ортига равона бўлмасди. Бу мудҳиш жиноят бир кунда ёки битта жанжал  туфайли келиб чиқмаганлигини фаҳмлаш мушкул эмас. Шундай экан, бу жиноятнинг рўй беришида ҳамма-ҳаммамизнинг айбимиз бор. Шунинг учун ҳуш-ёрлик ва огоҳлик доимо зарур!

Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган аччиқ ҳақиқатнинг туб моҳиятини аҳоли барча қатламига етказишимиз зарур. Жойларда мазкур муаммоларни кенг жамоатчилик ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирокида муҳокама қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда халқ бирдамлигини таъминлашимиз ўта муҳимдир. Барчамиз бирдам, ҳамнафас бўлсак, ҳар қандай жиноят барҳам топади.

А.Олимов, М.Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.