Президентимизнинг ўтган йил 12 декабрдаги "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган ғояни амалга оширишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Фармон асосида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, жорий йил 1 январдан "ягона дарча" марказлари Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.

-Марказимизда жисмоний ва юридик шахсларга "ягона дарча" тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатилади,- дейди туман давлат хизматлари маркази бўлим мудири Ў. Муйдинова.- Фуқароларларнинг вақт ва молиявий харажатларини тежаш, аҳолининг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириш фаолиятимиз асосий мезонига айланган. Давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги мазкур соҳада бюрократия, сансоларлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўйилмаслигини таъминлайди.

Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида марказда бўлиб, бу ерда фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда кўрсатилаётган давлат хизматлари турлари ва хизмат кўрсатиш жараёни билан танишдик.

Кенг, чароғон зал одамлар билан гавжум. Ўндан ортиқ компьютерлар билан ишлаётган йигит ва қизлар бу ерга ташриф буюраётган ҳар бир фуқарога пешвоз чиқиб, мақсадларини билдириш учун таклиф этадилар.

Марказдаги жараёнлар механизми ўзига хос тартибга солинган. Бу ерда таниш-билишчилик, кутаётган киши қолиб, ҳозиргина келган кишини қабул қилиш ҳолатларига йўл  қўйилмайди.

-Марказимизда кўрсатилаётган барча хизматлар учун ваколатли органлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган,-дейди марказ бош мутахассиси, туман Кенгаши депутати А. Ҳасанов. -Давлат хизматчилари билан бевосита мулоқот қилмасдан ҳамкорликни таъминлаш аҳоли учун давлат хизматларини коррупция хавфисиз тезкорлик билан кўрсатиш имконини беради. Бу эса фуқароларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштиради, сансоларлик ҳолатларини бартараф этади.

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича 1258 нафар жисмоний шахс ариза берди. Хўш, бу жараён қай тартибда амалга оширилади?

Мактабгача таълим муассасасига йўлланма олиш ёки нав-батга қўйиш учун аввало, ариза тўлдирилади. Бу иш мурожаат қилган фуқаро ёрдамида давлат хизматлари маркази ходими томонидан бажарилади. Аризага зарур маълумотлар киритилиб, расмийлаштирилганидан сўнг, уни электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан фуқаро тасдиқлайди. Агар фуқарода электрон рақамли имзо бўлмаса, шу ернинг ўзида олиши мумкин.

Бу кўп вақт талаб қилмайди. Шундан сўнг ариза ваколатли органга, яъни мактабгача таълим бўлимига юборилади. Ваколатли орган ариза келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш кунида уни ўрганиб, йўлланма ёки нав-батга киритиш ҳақидаги хабарномани расмийлаштиради ва ўзини электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаб, марказга юборади.

Давлат хизматлари маркази жавоб келиб тушгандан сўнг бир соат ичида фуқарога йўлланма ёки навбатга қўйилгани ҳақидаги хабарномани ўз муҳрини қўйган ҳолда тақдим этади.

Ҳозирги кунда марказда 100 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Жорий йилдан марказда Тошкент Давлат юридик университетида ўқишни истовчи абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш йўлга қўйилган бўлиб, ўтган вақт ичида 28 та ариза қабул қилинди.

- Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади, деган ибора шиоримизга айланган,-дейди Ў. Муйдинова. -Марказнинг хизмат машинаси билан таъминланганлиги олис қишлоқларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш, сайёр қабуллар ташкил этиш, тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйишга имконият яратмоқда. Жумладан,  йилнинг ўтган даврида Қўқимбой, Навбаҳор, Чиндовул, Ровот, Ободон, Гулбоғ, Такаранг, Озод, Қорасув, Тагижар, Тергачи каби ўнлаб маҳаллаларда сайёр қабуллар ташкил этилди.

Йил бошидан бери 6796 нафардан ортиқ фуқаро мурожаат қилган бўлса, бу кўрсаткич соат сайин ортяпти.

Куни - кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонасида ишлаб келган У. Юсупов марказ директори этиб тайинланди.

М. Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.