Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан асосий мақсад жамиятимизда тинчлик ва хотиржамликни асраш, халқ фаровонлигини ошириш, одамларни ҳаётдан рози қилишдан иборат. Президентимиз раҳнамолигида жойларда халқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида яратилган янги тизим одамларнинг арз ва шикоятларини тинглаш, муаммоларини ҳал этишдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Куни кеча Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекис-тон Либерал демократик партияси вилоят кенгаши, маҳаллий Кенгашлардаги партиянинг дупутатлик гуруҳи аъзолари ўтказган сайёр қабулларда ҳам бу жиҳатлар яққол исботини топди.

Туманимиздаги 27-мактабда Чак, Оқтепа, Мўйноқ, Чакобод, Одамтепа, Тўптерак, Қорасув, Боғ маҳаллалари фуқаролари билан ўтказилган навбатдаги сайёр қабулда одамлар ҳаётига дахлдор масалалардан тортиб, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик муаммолар кўтарилиб, уларнинг ечимини топиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Партиянинг вилоят кенгаши бўлинмалари раҳбарлари Орифжон Маҳмудов, Музаффар Тўхтасинов, вилоят Кенгаши депутати Анвархон Тўрахўжаев, туман Кенгаши депутати Муҳаммадхон Акрамов сайёр қабулга ташриф буюрган ҳар бир фуқаронинг мурожаатини тинглаб, улар тилга олган муаммоларнинг айримларини жойида бартараф этиш, кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича масъул ташкилотларга аниқ таклифлар билан чиқиш имкониятига эга бўлишди.

Шуниси эътиборлики, мурожаат қилувчилар орасида нафақат ўз муаммоси, балки маҳаллаларда маънавий-маърифий ишларни жонлантириш, аҳолининг яхши шароитда яшашини таъминлашга йўғрилган хайрли ишларга бел боғлаганлар ҳам бўлди. Шундай фуқаролардан бири Чак МФЙда яшовчи Мавлуда Қўшматова маҳаллада кутубхона бўлганлиги ва у кейинчалик бошқа жойга кўчирилганлиги, шу кутубхонани қайта ташкил этиш таклифини билдирди. Маҳаллада кутубхона учун бино ажратиш, ҳар бир оила камида биттадан китоб тақдим этиб, "Халқ кутубхонаси" ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Сайёр қабулда ҳозир бўлган депутатлар, ташкилот, муассасалар ва фермер хўжалиги раҳбарлари ҳам бу хайрли ва эзгу ишга ҳисса қўшадиган бўлишди.

Сайёр қабулга келган Маҳбуба Ашурованинг ўғли Андижон Давлат тиббиёт институтининг охирги босқичида таҳсил олаётгани, оилавий шароити оғирлиги сабабли бу йил контракт тўловини тўлашга қурблари етмаётганини айтиб, ёрдам сўради. Залда ҳозир бўлган партия фаоли, "Зафар Муҳаммаджон чорваси" фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Раҳимов онанинг мурожаатига жавобан ўғлининг контракт тўлови учун  2 миллион сўм ўтказиб беришини маълум қилди.                                                                                                                                                                                                   

"Чашмаи сафед" фермер хўжалиги вакили ҳам бу хайрли ишга ҳисса қўшишини айтганида, Маҳбуба аянинг кўзлари қувонч ёшларига тўлди.

Мактабда ишловчи Мавлуда Қорабоева қизини боғчага жойлаштириш масаласида ёрдам сўради. Ногирон эрини парваришлаш билан бирга ишлашга ҳам вақт топаётган бу аёл бундай муаммога дуч келмаслиги керак эди. Уч ярим минг нафардан кўпроқ аҳоли яшайдиган маҳаллада битта боғча мавжуд экан. М.Қорабоеванинг мурожаатидан кўриниб турибдики, бу маскан аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қондиролмаяпти. Мазкур мурожаат юзасидан мактабгача таълим муассасалари бўлими якуний хулосага келар, деган умиддамиз.

Сайёр қабулдан мақсад, фуқароларнинг дардини эшитиш, уларга ёрдам кўрсатишдан иборатдир. Маҳалла фаолларидан бири Ҳамидулла Раҳимов чорва ва деҳқончилик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредит олишда қийинчиликларга дуч келаётганини айтиш билан бирга, қишлоқда, айниқса, Мўйноқ маҳалласида ичимлик суви муаммоси мавжудлигига эътибор қаратди. Бу муаммо яқин кунлар ичида ҳал бўлишига шубҳа йўқ. Чунки айнан Мўйноқда давлат маблағи эвазига ер ости қудуғи қазиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бу иншоот ишга тушса, 200тадан ортиқ хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Чак маҳалласида яшовчи Холида Тошпўлатова қишлоқда намунали тиббий хизматни йўлга қўйиш зарурлигини тилга олган бўлса, 27-мактаб директори Абдусамад Ҳомидов қишлоқда алоқа хизмати ўта сифатсизлиги ҳақида эътироз билдирди. Уларнинг таклиф ва истакларини депутатлар ён дафтарларига қайд этиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилишларини билдиришди.

Инглиз тили ўқитувчиси Мавлуда Исабоева қишлоқ мактабида мавжуд муаммоларни тилга олиб ўтди. Унинг айтишича, мактабда оддийгина фаоллар зали йўқлиги ўқувчилар билан тадбирлар ташкил этишда қийинчилик туғдирмоқда. Маълум бўлишича, мактаб биноларини капитал таъмирлаш ишлари келгуси йил режасига киритилган. Таъмирлаш билан бир қаторда, ҳозирда бўш турган каттагина қозонхона биноси реконструкция қилинса, шинамгина 100 ўринли зал бунёдга келган бўларди.

Сайёр қабул бу каби аҳолини қийнаб келаётган ўнлаб муаммоларни юзага чиқарди. Муҳими, уларни ўз вақтида тезкорлик билан ҳал этиш одамларни ҳаётга, давлатга, келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.