Ваколатли давлат органлари ва муассасаларига, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этиш ҳуқуқи фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, шунингдек, халқ ҳокимиятини амалга оширишнинг самарали шаклларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳар бир мурожаат одамларнинг ташвиши, турмушда дуч келаётган муаммоларини акс эттирадиган кўзгу бўлиб, уларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.

Ариза, шикоят, таклиф ва илтимослар фуқароларнинг шахсий муаммоларини акс эттирибгина қолмай, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараларини ўрганиш,  шунинг-дек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ижтимоий адолатни қарор топтиришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Энг асосийси, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётишлигини ҳеч қачон унутмаслик лозим.

Масалан, жорий йилнинг 12 февраль куни фуқаро А.Эргашева  фарзандининг моддий таъминоти масаласида қийналаётганлиги, собиқ турмуш ўртоғи К.Эргашевдан алимент пулларини ундириб беришини сўраб мурожаат қилган. Бўлим ижрочилари томонидан ижро ҳаракатлари амалга оширилиши натижасида унинг фойдасига 3,3 млн сўмлик алимент пули ундириб берилиб, фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди.

Шунингдек, фуқаро А.Маҳмудов жорий йилнинг 15 май куни яшаш хонадонига табиий газдан 550 000 сўмлик нотўғри қарздорлик ҳисоблаб қўйилганлигидан норози эканлигини маълум қилиб, ариза билан мурожаат қилган. Унинг мурожаати юзасидан ўрганиш ўтказилганда ҳақиқатда 550 000 сўмлик қарздорлик мавжуд эмаслиги аниқланиб, хонадон хатловдан ўтказилди ва мурожаат муаллифининг талаби қаноатлантирилди.

Ўтган даврда фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида Бюронинг туман бўлимида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг 4 ойи давомида жами 163 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 138 таси бўлимда ҳал этилган, 1 таси ҳудудийлиги бўйича юборилган  ва 24 та мурожаат юзасидан ўрганишлар ўтказилмоқда. Бўлим томонидан ҳал этилган мурожаатларнинг 65 таси қаноатлантирилган, 66 таси бў-йича мурожаат муаллифига қонун талаблари тушунтирилган ва 7 нафар фуқаронинг мурожаатида келтирилган важлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли рад этилган.

Ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, бўлимга келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти, яъни 65 фоизи суд ва бошқа органлар ҳужжатларини иж-ро этиш, 20 фоизи коммунал соҳа ва 15 фоизи эса бошқа масалалар юзасидан келиб тушган.

Энг асосийси, бўлим томонидан қаноатлантирилган мурожаатлар бўйича 29,7 млн. сўм алимент ва 2,6 млн. сўм моддий зарар маблағлари мурожаатчиларга ундириб берилган.

О.Ибраҳимов,

Бош прокуратура

ҳузуридаги Мажбурий

ижро бюроси туман

бўлими суриштирувчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.