Халқимиз: "Яхшини мақтасанг ярашар, ёмонни мақтаган адашар", деб бежиз айтмаган экан.

А. Элдор (исми шартли) бундан аввал, икки марта судланиб, ноқонуний хатти-ҳаракати учун жазоланган. Биринчи марта судланиб, қамоқдан қайтганида атрофидаги кишилар, маҳалла-кўй унга далда бўлишди. Чунки улар А. Элдорнинг энди ёмон йўлга кирмайман, эл-юрт хизматида бўламан, деган ваъдаларига ишонишди. Аммо кўп ўтмай у яна жиноятга қўл урди. Бу сафар енгилроқ жазо олди, яъни ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди.

Бағрикенг, кечиримли халқимиз унинг қилмишларини юзига солишмади, аксинча, унга тўғри йўлни кўрсатиб, яна далда бўлишди.

Ақлан ва жисмонан соғлом, беш нафар фарзанднинг отаси бўлган бу инсонни ҳеч ким яккалатиб қўймади.

Минг афсуски, "Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас", деганларидек, у яна жиноят кўчасига кирди.

Жорий йилнинг февраль ойи охирларида жиноят ишлари бў-йича Мингбулоқ туман суди очиқ суд мажлисида А. Элдорнинг жиноят иши кўриб чиқилди. Суд уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,182-моддаси 2 қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топди ва икки йил 8 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Хўш, А. Элдор бу сафар яна қандай жиноятга қўл урди?

Суд уни ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:

А. Элдор тўрт нафар ҳамтовоқлари ва терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган  қўшни давлатда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар билан жиноий тил бириктириб, жуда кўп миқдордаги 801.164 АҚШ долларини божхона назоратини четлаб, айланма йўллар билан юртимиздан қўшни давлат - Қирғизистон Республикаси ҳудудига ўтказишни режалаштирган эди:

Ана шу мақсадда Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Хитой давлатларидан импорт товар-моддий бойликларни сотиб олиб, уни юртимиз ҳудудларидаги бозорларда сотиш билан шуғулланувчи шахслардан йиғиб олинган 801.164 АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валютани Хонқўрғон маҳалла фуқаролар йиғинининг Қирғизистон билан чегарадош ҳудуди орқали, божхона назоратини четлаб, Қирғизистон Республикаси ҳудудида бўлган Фарҳод исмли жиноий шеригига чегара тўсиғидан улоқтириш йўли билан ўтказиб бераётган вақтда чегарачилар томонидан ушланади ва у жиноий режасини охирига етказолмайди.

Бу билан у жиноят Кодексининг 25,182-моддаси 2-қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятга қўл урди.

Суд унга ҳукм эълон қилишда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити оғирлиги, қарамоғида беш нафар фарзанди борлиги, иккинчи гуруҳ ногиронлигини ҳисобга олиб, Жиноят кодексининг 62-моддасини қўллаб, вақтинча қамоқда сақланган ҳар бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб, чегириб ташлашни лозим топди.

М. Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.