Эндигина йигирма икки ёшга қадам қўйган Н. Ҳасан жиноятга қўл урди. Ачинарлиси, у ҳали вояга етмаган, мактабнинг 9-синфи ўқувчиси бўлган А. Қувватни ҳам жиноят кўчасига етаклади.

Ота – онаси, маҳалла – кўй назоратидан четда қолган Қирғизистон Республикасининг Олабуқа туманида яшовчи Н. Ҳасан бекорчиликни ўзига касб қилиб олган.

Ишлайман деса, қишлоғида иш кўп, аммо меҳнат қилишга бўйни ёв бермай оғирни устида, енгилни остида яшашга кўникиб қолганди. Кунларнинг бирида Н. Ҳасан мўмай даромад илинжида вояга етмаган А. Қувватни эргаштириб, Олабуқа туманининг Баймоқ қишлоғи орқали ноқонуний равишда Косонсой тумани Обод маҳалласига кириб келади.

Бу ҳаракати билан улар давлат чегарасини бузувчиларга айланишди. Чунки «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонунининг 15-моддасида Давлат чегарасини Давлат чегара орқали ўтказиш пунктларидан бошқа жойдан ёки ўтказиш пунктлари орқали бўлса-да, лекин чегарани кесиб ўтиш қоидаларини бузган ҳолда ҳар қандай усул билан кесиб ўтган ёки кесиб ўтишга ҳаракат қилаётган шахслар чегара бузувчилар ҳисобланишади.

Бу ҳам етмаганидек, икковлон жиноий ҳаракатларини давом эттириб, белгиланган тартибни такроран бузиб, мазкур айланма йўл орқали Қирғизистон Республикасига ноқонуний равишда 1.328.000 сўмлик ҳайвон териларини олиб чиқиб кетишга уринмоқчи бўлишди. Аммо бу сафар уларнинг қинғир ишларига нуқта қўйилди. Сергак чегарачиларнинг ҳушёрлиги туфайли улар жиноятларини охирига етказа олмадилар.

Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди Н. Ҳасан ва А. Қувватга ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, улар айбланаётган модда санкциясида назарда тутилмаган жарима жазоси тайинлашни лозим топди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.