Шу йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Жамғармани ташкил этишдан асосий мақсад, кам таъминланган аҳоли қатламларининг бандлигини таъминлаш ҳамда кам таъминланганликдан чиқаришдан иборат бўлиб, бунинг учун мамлакатнинг барча минтақаларидаги, хусусан қишлоқ ва олис туманлардаги банд бўлмаган фуқароларни аҳоли пунктлари, маҳаллаларни ободонлаштириш, ариқларни, ирригация шохобчаларини тозалаш, уй-жой, коммунал хўжалиги объектларини таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш, йўллар ва кўчаларни, уй-жой фонди ва туташ ҳудудлардаги объектларни таъмирлаш бўйича жамоат, қишлоқ хўжалиги ишларига кенг жалб этиш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Буюртмачи-иш берувчилар ҳар ойнинг 15-санасига қадар келгуси ҳисобот ойи учун жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича буюртмалар рўйхатига киритиш учун туман Аҳолини бандликка кўмаклашиш маркази (АБКМ)га жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича буюртма беради.

Жамоат ишларига жалб этилаётган жисмоний шахслар Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилинадилар, жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган жисмоний шахслар меҳнатига тўланган ҳақ сифатида олинган даромадлар ягона ижтимоий тўловга тортилмайди.

Жамоат ишлари бюджет ташкилотлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали ташкил қилинганда жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар учун ҳисобланган иш ҳақи юз фоиз миқдорда Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Кичик корхоналар, фермер хўжаликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа иш берувчилар билан жамоат ишлари ташкил қилинганда иш ҳақи бўйича тўловларнинг 50 фоиз қисми Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Жамоат ишларига жалб қилинган фуқароларнинг меҳнат стажи ҳисобга олинади ва меҳнат дафтарчасига тегишли ёзув киритилади.

Уларга тўланадиган ойлик иш ҳақи миқдори ягона тариф сеткасининг биринчи разрядидан кам бўлмаслиги лозим ва энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда белгила-нади.

Юқоридаги қарорга асосан ҳақ тўланадиган жамоат ишлари2017 йил 1 октябрдан Наманган туманида тажриба тариқасида амалга оширилмоқда ва 2018 йил 1 январдан бошлаб барча шаҳар ва туманларда ташкил этилади.

Бугунги кунда ишсиз фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишлари - МФЙлар ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ариқлар, маданий объектлар ва зиёратгоҳларда тозалаш ишларини олиб бориш кабиларни амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

 З.АҲмедов,

туман АБКМ директори.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.