Фуқароларимизда қонунларга ҳурмат ҳиссини янада шакллантириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш долзарб вазифалардан биридир. Бунда қабул қилинган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш, уларнинг мазмун- моҳиятини аҳоли орасида тушунтириш, ушбу ҳужжатларнинг сўзсиз бажарилиши, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим шартидир. 2017 йил 15 августда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 24 августда Сенат томонидан маъқулланган ва расмий эълон қилинган сана 7 сентябрдан (ушбу қонуннинг 17-моддасининг биринчи қисми 25 сентябрдан эътиборан амалга киритилган) кучга кирган «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳуқуқий ахборот тарқатиш соҳасидаги у ёки бу муносабатларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзида мужассам этганлиги, бу соҳадаги ҳуқуқий бошқарувнинг тизимли бўлишини таъминлашга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Қонун 4 боб, 28 моддадан иборат бўлиб, унда замонавий халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда, асосий ҳуқуқий тушунчалар мустаҳкамланган. Қонунда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган. Ҳуқуқий ахборотни тарқатишни ташкил этиш, бу борадаги барча ишларни мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгиланган.

Қонунда ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг аниқ тартиби ва усуллари белгилаб берилган. Жумладан, Қонуннинг 3-боб, 13-моддасида «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш усуллари» белгиланган, яъни ҳуқуқий ахборотни тарқатиш усуллари - норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини юбориш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий эълон қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий эълон қилиш, ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этишдан иборатлиги белгилаб қўйилган.

Қонун билан давлат органларида меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштирилган ҳолда ҳисобга олишнинг мажбурий тартиби жорий этилиб, унинг сўзсиз ижро этилиши устидан назорат тизими мустаҳкамлаб қўйилган.

Қонун билан норматив – ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига (17 - модда) ва давлат органларининг веб – сайтларига жойлаштириш (18-модда) тартиби ўрнатилди.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини, ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда қонунийлик, ижро интизомини мустаҳкамлашда ушбу қонуннинг аҳамияти катта. Зеро, қонунга мувофиқ ҳар бир ташкилот, корхона, муассаса, маҳаллада фуқароларимиз учун ҳуқуқий ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаш муҳим вазифамизга айланмоғи шарт.

К. Мираҳмедов, туман «Ягона дарча»

маркази директори,

А. Ҳасанов, марказ бош мутахассиси,

туман Кенгаши депутати.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.