Ўзимизда ишлаб чиқарилган, кўчаларимизни тўлдириб юрган автомобилларни кўриб ҳавасингиз келади. Уларнинг сони кундан кунга ортиб бораётганлиги халқимизнинг турмуш фаровонлиги ортиб бораётганлигидан далолатдир. Аммо йўллар тасодифлардан ҳоли эмас, бу эса автомобиль бошқарувчиларининг йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор беришларини тақозо этади.

Таҳлилларга кўра, қоидабузарликлар кўпроқ ёшлар ҳиссасига тўғри келаяпти. Йўл ҳаракати қоидаларини чуқур билмаслик, тезликни меъёридан ошириш каби қоидабузарликлар нафақат йўловчи ва пиёдалар, балки ҳайдовчининг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.

Жиноят ишлари бўйича туман судининг Косон қишлоғида ўтказган очиқ сайёр суд мажлисида айнан йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузган шахснинг жиноий иши муҳокама қилинди.

«Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 11-бандида «Транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болалар, ногиронлар, қариялар ва велосипед ҳайдовчиларига нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўришга мажбур», деб белгиланган. Аммо «Озод» маҳалласида яшовчи, 1975 йилда туғилган П.Д. бош-қа бир фуқарога қарашли «ИЖ-2715» русумли автомашинани маст ҳолда бошқариб, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйган. Қолаверса, «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 12-бандида ҳайдовчининг транспорт воситасини мастлик ҳолатида, дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Бироқ П.Д. бу талабларни қўпол равишда бузиб, бажараётган иши хавфсиз эканлигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига ҳалақит бермаслигига ишонч ҳосил қилмай, ўз хатти-ҳаракати ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқаришни била туриб, транспорт воситасини бошқарган. Оқибатда ўзи билан бир йўналишда велосипед бошқариб келаётган Б.К.ни уриб юбориб, унга тан жароҳати етказишга сабабчи бўлган.

Очиқ суд мажлисида П.Д. ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, тавба тазарру қилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, дастлабки терговда П.Д., жабрланувчи Б.К. ва фуқаровий даъвогар Ф.С. ёзма ариза билан мурожаат қилишиб, ярашганликлари муносабати билан жиноят ишини тугатишни сўрашган.

Суд буни инобатга олди ва П.Д. нинг муқаддам судланмаганлиги, ўз айбига ихтиёрий иқрорлиги ҳамда етказилган зарарни тўлиқ қопланганлиги ҳисобга олиб, Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят 66-1 моддага мувофиқ ярашувга тушишини инобатга олиб, унга нисбатан юритилган жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатишни лозим топди.

Энди у автомашина рулига ўтирганида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузмаса бўлгани. Ана шунда ўзини ва бошқаларнинг хотиржамлигини сақлаган бўларди.

М. Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.