«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да аҳоли манфаатлари ҳимоясига эътибор, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизми ва самарали усулларини жорий этилиши аҳолининг розилигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Буни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Туманимиздаги Халқ қабулхонаси томонидан жорий йилнинг 6 октябрь кунига қадар жами 2143 нафар фуқаро қабул қилинган бўлса, шулардан 718 тасини ёзма ва оғзаки мурожаатлар ташкил этди. Мурожаатларнинг 617 таси ҳудуддаги, 100 таси юқори ташкилотларга мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилган. Етмишта мурожаат Халқ қабулхонасининг ўзида кўриб чиқилган ва барчаси ижобий ечим топган. Тегишли ташкилотларга тақдим этилган 344 та мурожаат қаноатлантирилган, 28 таси асоссиз деб топилган. 299 нафар фуқарога мурожаати юзасидан тушунтириш берилган.

Туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар билан биргаликда тузилган режага асосан сайёр қабуллар ташкил этилиши фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган муаммоларни ўз вақтида ва жойида ҳал этиш имкониятини яратмоқда. Ўтган даврда 30 дан ортиқ сайёр қабуллар ташкил этилди ва унда 96 нафардан ортиқ фуқаро оғзаки ариза ва шикоят билан мурожаат қилган ва уларнинг аксарияти ижобий ечим топган.

Халқ қабулхонасига мурожаат этиб, муаммоси ҳал бўлган фуқаролар бу даргоҳни аҳолининг муаммоларига ечим топадиган, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган ишончли манзил сифатида эътироф этишмоқда. Бунга юздан ортиқ дилномалар мисол бўла олади.

-Узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилдим,-деб ёзади «Ҳуррият-1» маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Юсубхон Насибхонов.- Қарилик чоғимда дам олиб, даволанай деб ният қилгандим. Бироқ маблағим йўқлиги учун бунга имконият тополмаётгандим. Халқ қабулхонасига мурожаат қилгандим, 15 сентябрдан «Косонсой» санаториясида имтиёзли даволанишимга имконият яратиб беришди.

Бизнинг юртда кексалар ҳамиша эъзозда. Бу каби эзгу ишларнинг ташаббускори бўлган Президентимизга раҳмат.

Бировга қарз бериб, пулини қайтариб ололмаётган кишилар ҳам нажот истаб, Халқ қабулхонасига мурожаат қилишган. Жумладан, «Ўрикзор» маҳаллалик Қосимжон Устабоев, «Боғишамол-2» маҳалласида яшовчи Қамархон Ҳамроевалар энди ўз ҳақларини ундирилмай сарсон бўлишдан холос бўлишди.

-Менга жорий йил учун ер солиғидан нотўғри қарздорлик чиқаришибди. Халқ қабулхонасига мурожаат қилгандим, бу масалани зудлик билан қонуний ҳал қилиб беришди,-дейди Такаранг МФЙда яшовчи Абдуманон Абдурашидов.

Халқни ичига кириб, унинг дарду ташвишларини тинглаш, оғирини енгил қилиш барчанинг – каттаю кичик раҳбар ва мансабдор шахснинг вазифаси бўлиши керак. Бу Президентимизнинг талаби. Ана шунда халқимизнинг фаровонлигини оширишга, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришамиз.

Улуғбек Юсупов, Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Косонсой туманидаги Халқ

қабулхонаси етакчи мутахассиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.