Ҳар бир инсон оиласи шаънини мустаҳкам асраши, унинг қўрғо-нини муқаддас билиши, мавжуд қонун-қоидаларга амал қилиши шарт. Шундагина оила фаровонликка эришади. Мамлакат ҳам худди оила кабидир. Фуқаро ўз зиммасидаги маъсулият ва бурчига содиқлик билан ёшдашса, юрт равнақи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. Афсуски, орамизда бундай қоидаларни унутганлар ҳам бор. 2017 йил август ойида Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон тумани суди биносида шундай кимсаларнинг кирдикорларига жазо белгиланди.

Жиноий тўда мавжуд қонунларни менсимай, қимматбаҳо металлар сирасига кирмайдиган «мис» рангли ашёларни қонунга хилоф равишда қўшни Қирғизистон Республикасига олиб ўтишга уринганлар. Биров билмайди, деган қабилида иш тутган тўда аъзолари бир неча бор қинғир ишларини амалга оширишган. Бироқ халқимизнинг «Кўза кунда эмас, кунида синади» деган пурмаъно сўзлари ўз исботини топди.

Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, судланувчилар Н.,Т., А., К., З., К., О.,Т.лар2017 йилнинг 2 март куни соат 20.00 да номаълум шахс томонидан жўнатилган 20 дона синтетик қоплардаги рангли метал парча ва чиқиндиларни Учқўрғон тумани Ёғду маҳалласининг Қир-ғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудига олиб келиб, Қирғизистон Республикасидан Норин дарёси орқали давлат чегарасини ноқонуний тарзда бузиб ўтган Исмонали ўғли Даниярга юклаб берадилар ҳамда уни Қирғизистон Республикасига қайта ўтиб кетишига ёрдам берадилар.

Бундан ташқари, улар жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, худди шу куни Наманган шаҳрида яшовчи Н.С. томонидан Қирғизистон Республикасига жўнатиш учун 30 дона қопда, оғирлиги 1.217 килограмм бўлган рангли метални қабул қилиб оладилар. Ва уни жиноий шерикларига етказиб бераётган бир паллада ҳуқуқ-тартибот органлари хабар топганини эшитиб, рангли метал парчаларини катта Андижон каналига тушириб юборадилар. Ўзлари воқеа жойидан яширинадилар.

Аммо ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳеч қачон парда ортида қолиб кетмайди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари  жиноий тўданинг кирдикорларини фош этдилар. Бу эса уларни суд курсиси томон етаклади.

Суднинг қора курсисидаги кимсалар қилмишларига чин дилдан пушаймон бўлсаларда, қонун олдида жавобгардирлар. Тегишли тартибда белгиланган жазони ўтайдилар. Қинғир йўлга қадам қўйиш осон. Афсус надомат кўчасига кирмай оқибати ўйланса, турли хилдаги жиноятлар олди олинади. Жамият фаровонлиги ортади. Юртимиз бойликларини асраб-авайлаш эса фуқароларнинг муқаддас бурчидир.

М. Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.