Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248 – моддасида қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш, тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари, ички ишлар бўлими ходимлари бу борада аҳоли ўртасида кенг кўламда тушунтириш ишларини олиб бормоқдаки, бу ноқонуний ўқ-дори, қурол сақлашнинг олдини олишда муҳим омил бўлаяпти. Қолаверса, бундай воситалар фуқарода мавжуд бўлса ва уларни ихтиёрий равишда ички ишлар идорасига топширган киши жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ҳақида ҳам фуқароларимиз яхши хабардор.

Қўқимбой қишлоғида яшовчи Р. Зокиржонни ҳам ноқонуний қурол, ўқ-дори сақлаш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишидан хабардор эканлигига ҳеч қандай шак – шубҳа йўқ. Чунки олий маълумотли Р.Зокиржон бошқалардан кўра, буни яхши билиши керак. Аммо лоқайдлиги, эътиборсизлиги сабаб бу жиноятни содир этилишига йўл қўйиб берди.

Туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган «Тозалаш» тадбири давомида унинг яшаш уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганда тегишли ҳужжатларсиз 32 дона 5.45 мм. ва 1 дона 14.5 мм. колибрли, жами 33 дона жанговар отиш учун  яроқли бўлган ўқ-дорилар сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Суд жиноят иши ҳужжатлари, гувоҳлар кўргазмаси, экспертиза хулосаларини атрофлича ўрганиб чиқиб, Р. Зокиржонни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топди ва қонуний жазо белгилади.

Судда Р. Зокиржон айбига иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини билдирди.

Аммо халқимиз, «Сўнгги пушаймон ўзингга душман», деб бежиз айтмаган.

Агар Р. Зокиржон ўз уйида ҳеч қандай рухсатномасиз, ноқонуний ўқ-дори сақламаганида ёки уларни вақтида ўз ихтиёри билан ҳуқуқ -тартибот идораларига топширганида эди, бугун суднинг «қора курсиси»дан жой олмаган бўларди.

М. Акрамов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.