Сизга кимдир хорижда ишлашни таклиф қиляптими? Унутманг, алданиб, қулликка сотилиб кетишингиз мумкин. Ҳа, чет элда ишлаб, мўмай даромад топаман, деган киши адашади.

Одам савдосидек жирканч иллат дунё мамлакатларида глобал муаммога айланган. Бу иллат инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, дунё тараққиёти учун мутлақо ёт бўлган трансмиллий муаммо, жиноятдир.

Юртимизда одам савдосига қарши изчил кураш олиб бориляпти.

Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунида одам савдосига қарши курашиш-одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият тушунилиши (3-модда) белгилаб қўйилган.

Одам савдоси-куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш кабиларни англатади.

Мустақил равишда ёки бир гуруҳ шахслар таркибида одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни содир этувчи жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек ўз ҳаракатлари билан одам савдосига кўмаклашадиган, худди шунингдек, гарчи ўз мансаб ваколатларига кўра тўсқинлик қилиш ва қарши курашиш шарт бўлса ҳам одам савдосига тўсқинлик қилмайдиган ёки қарши курашмайдиган мансабдор шахс (3-модда) одам савдоси билан шуғулланувчи шахс ҳисобланади.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноят сабаблари ва оқибатларини аниқлаш ҳамда бу соҳадаги чора-тадбирлар самарадорлигига эришиш йўлида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин ҳар бир фуқаро, айниқса, чет элда ишлаш истагида бўлган киши ноқонуний миграция, одам савдоси жинояти оқибатларидан бохабар бўлиб, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлса, бу мудҳиш жиноятнинг олдини олишга ҳисса қўшган бўларди.

М. Акрамов, туман Кенгаши депутати.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.