Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, Янгиқўрғон тумани, Қизилёзи қишлоғида яшовчи И. Азизхон енгил-елпи йўллар билан пул топишни ўзига одат қилиб олиб, ҳатто бу мақсади йўлида жиноятга қўл уришдан тоймайдиганлар хилидан экан. Бундан икки йилча бурун жиноий қилмишлари учун Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари билан айбдор деб топилган И.Азизхон давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсати самараси ўлароқ. Амнистия актининг 5-бандига асосан жавобгарликдан озод қилинганди. Аммо у бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Мўмай даромад топиш илинжида яна жиноятга қўл уриб, темир панжара ортига равона бўлди.

Жорий йилнинг январь ойи бошларида қирғизистонлик ҳамтавоғи Акмал исмли шахс уни яна йўлдан урди. Бу кимса И. Азизхонга қўнғироқ қилиб, унда Қирғизистонда ишлаб чиқарилган протехника воситалари борлиги, уни божхона назоратини четлаб, Қизилёзи маҳалласидан ўтган сойдан олиб ўтиб, ўша атрофга яшириб қўйганлиги, товарни харидор топиб сотиб, 50 минг сўм хизмат ҳақини олиб, қолган пулни жўнатиб юборишини илтимос қилади. Эртаси куни И. Азизхон Акмал тайинлаган жойга бориб, яшириб қўйилган протехника воситаларини олиб, уйи томон кетаётганида божхона ходимлари томонидан тўхтатилади. 137 та қутидаги, жами 8,220 дона протехника буюмлари назоратдан ўтказилганда, бу матоҳ «трения» деб номланиши, умумий нархи 1,065,175 сўм эканлиги маълум бўлди.

Бу қилмиш жиноят эканлиги, бунинг учун жазога тортилиши муқаррарлигини яхши англаган киши тавба - тазарру қилиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлади. Бироқ И. Азизхон орадан икки ой ўтар-ўтмас яна жиноятга қўл уради. Бу сафар қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб ўтилган гиёҳвандлик моддасининг олди-соттисига аралашиб, мудҳиш жиноят содир этади.

У 257,09 грамм гиёҳвандлик воситасини 1 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.

Наманган вилоят ИИБ ЭКБнинг 2017 йил 14 мартдаги хулосасига кўра, савдо-харид тадбирида қўлга олинган модда «гашиш» гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди И. Азизхоннинг жиноят ишини батафсил кўриб чиқиб, унинг қилмишини Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисмидан, 28-246-моддаси 2- қисмига қайта квалификация қилишни лозим топди ҳамда унга нисбатан Жиноят кодексининг 250- моддаси 2-қисми «б» банди, 273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди ва 10 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

М. Акрамов.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.