- Баъзан фуқаронинг йиллаб ҳал бўлмаган муаммоси бир оғиз гап ёки битта қўнғироқ билан ечим топади,-дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Муйдинова.-Масалан, қабулхонамизга 1429 нафар фуқародан мурожаат тушган бўлса, шундан 513 нафарини ёзма ариза ва шикоят қилганлар ташкил этади. Мурожаатларнинг 242 таси шу ерни ўзида ижобий ҳал бўлган.

Мурожаатларни таҳлил қиларканмиз, фуқаролар томонидан тилга олинган аксарият муаммоларни корхона, ташкилот ёки маҳалланинг ўзида ҳал қилса бўларканку, деган хулосага келинади. Афсуски айрим раҳбар ва масъул шахсларнинг лоқайдлиги, боқибеғамлиги сабаб, Халқ қабулхонасига келувчиларнинг кети узилмаяпти.

«Навбаҳор» маҳалласида яшовчи Рустамхон Абдумажидов 22-мактабгача таълим-тарбия муассасасидан ўтган канализация тармоғи тошиб кетиб, атроф-муҳитга зарар етказаётганлиги ҳақида мурожаат қилганди. Шу куннинг ўзидаёқ вилоятдан мутахассислар чақиртирилиб, носозлик бартараф этилди.

«Ҳуррият» маҳалласида яшовчи Мавлонхон Ёқубов бир неча ойдан бери «Замон универсал файз»МЧЖдан иш ҳақини ололмаётганлиги ҳақида мурожаат қилганди, фуқаронинг 4 млн. 77 минг сўм қонуний ойлик маоши ундириб берилди. Худди шундай,   ишчиларга иш ҳақи беришни пайсалга солаётган «Акбаржон» фермер хўжалиги раҳбари тартибга чақирилиб, «Ўзбекистон» маҳалласида яшовчи, шу фермер хўжалиги ишчиси Ойгул Мусаеванинг қолиб кетган 1,5 млн сўм иш ҳақини ундириш чоралари кўрилди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Халқ қабулхонасига ташриф буюриб, муаммоси ҳал бўлган фуқаронинг чеҳрасида мамнуният ҳисси барқ уради. Бу Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича жорий этилган янги тизимнинг самарасидир.

Фуқароларнинг Халқ қабулхонасига эмин-эркин мурожаат қилиши учун барча шароитлар яратилибгина қолмай, ҳудудларда масъул шахслар, корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари масъулиятини ошириш, сайёр қабуллар ташкил этишга эътибор кучайти-риляпти.

-Фарзандим хасталикка чалиниб узоқ вақт шифохонада даволанди. Уни ногиронликка чиқариш масаласида Халқ қабулхонасига мурожаат қилгандик, бу муаммо уч кун ичида ҳал бўлди,-дейди Қўқимбой қишлоғида яшовчи Н. Юлдашева. – Халқ қабулхонасини ташкил этган Президентимизга раҳмат!

м.акрамов.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.