Бутун дунёда башарият тараққиётнинг янги уфқларини кашф этмоқда. Ҳар куни бир янги кашфиёт содир бўлмоқда. Бироқ шу билан бирга авлодлар ҳаётига, келажагига салбий таъсир кўрсатувчи турли иллатлар ҳам тобора ортиб бораётганидан асло кўз юмиб бўлмайди.

Ана шундай иллатлардан бири гиёҳвандликдир. Гиёҳвандлик асосан ёшларни ўз тузоғига тортаётгани барчамизга маълумдир. Бугун бу иллатдан азият чекаётганларнинг асосий қисмини 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этаётгани ғоят ташвишли, афсусланарли ҳолдир.

Наркотик моддаларни етиштириш, сотиш, етказиб бериш, сақлаш жиноят экани, уларни содир этган шахсларга жазо муқаррарлиги барчамизга маълум. Аммо негадир, ҳанузгача гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар бутунлай барҳам топмаяпди.

Шу тариқа гиёҳвандликка ружу қўйиш ҳолатлари ҳам камаймаяпти. Австриядаги  нашрлардан бирининг ёзишича айни пайтда бутун дунё бўйича 300 миллиондан зиёд одам гиёҳвандликка ружу қўйган. Ҳар йили 200 минг-дан ортиқ киши «игнага ўтиргани» туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмар экан. Бу далил ва рақамлар эртанги кундан умиди бўлган ҳар бир одамни теран мулоҳаза юритишига ундайди. Айтиш ўринлики «Қора дори- 2017» кенг қамровли тадбирлар давомида қуйидаги аянчли ҳолатлар аниқланди. Жумладан, «Янги шаҳар» МФЙда яшовчи М. Тожибоевга тегишли бўлган хусусий томорқа кўздан кечирилганда кунгабоқар экинлари орасида икки туп наша ўсимликлари парвариш қилинаётганлиги аниқланди. Чўнг-бош МФЙда яшовчи З. Баҳромов экин майдонида картошка билан бир туп, Хонқўрғон МФЙда яшовчи Д. Худойбердиев ловия билан бирга тўрт туп наша ўсимлигини ўстираётгани маълум бўлди.    «Баҳористон» МФЙда яшовчи С. Солиев пиёз экини қаторида 2 туп кўкнори,     С. Шерозий МФЙда яшовчи                З. Анорбоев саримсоқпиёз билан бирга 14 туп кўкнор ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги ошкор бўлди.

Гиёҳвандлик муаммоси, унинг оғир ва ўнглаб бўлмас оқибатларини аҳоли кенг қатламига, биринчи навбатда, ёшларга чуқур тушунтириш долзарб аҳамиятга эга.

 Д. Пўлатхўжаев,туман ИИБ ТБ

бошлиғи,капитан.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.