Шу йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Қонун ва адолат» устуворлигини таъминлаш – барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти» мавзусидаги маърузаси тингланди. Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбарининг иштироки, нутқ сўзлагани суд тизими ходимлари учун улкан амалий аҳамиятга молик воқеа бўлди.

Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган халқчил ғоялар ҳар биримизнинг қалбимизда эртанги кунга бўлган ишончимизни ортишига хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.

Йиғилиш аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари барча нарсадан устун эканлиги алоҳида таъкидланди.

Президентимиз ўз нутқида соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликларни рўй рост кўрсатиб истиқболдаги  қатор долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбари адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, соҳибқирон Амир Темур бобомиз «Куч-адолатда» деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқа-рувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришганини қайд этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини   таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.

2017-2021 йилларда Ўзбекис-тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг 7 моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилгани, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи-Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ташкил этилгани бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганининг тасдиғи сифатида эътироф этилди.

Суднинг остонасига қадам қўйган инсон адолатга ишониши ва инониши керак. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида янгидан шакллантирилгани, одил судловнинг мазмун моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат-судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари йўлида жиноий жазо тизимидан қамоқ жазоси чиқарилиб, унинг  ўрнига муқобил жазо мажбурий жамоат ишлари жазоси жорий қилинди. Мазкур жазони ўташ вақтида ишласа иш фаолиятига, таълим олаётган бўлса, ўқишига ҳалал бермайдиган ҳолатларда ўтаттирилиши мамлакатимизда фуқаролар манфаатининг устунлигини яна бир бор ифода этади.

Айни пайтда қўлга киритилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, соҳа ривожига танқидий ёндашиш, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган бири-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни самарали ҳал қилиш йўллари ва механизмлари ҳақида билдирилган аниқ  таклифлар, амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судялар фаолиятини-бутунлай янгича асосда самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кун кечагидан буткул фарқ қилади. Одамлар ҳам  аввалгидек эмас, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади. Буни юртдошларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатлари салмоғидан ҳам билиш мумкин. Ана шу мурожаатлар орасида суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқлари кўп эканлиги соҳага ўз умрини бағишлаган ҳар бир ходимни жиддий мулоҳазага ундайди. Биз аслида инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоячиси бўлишимиз керакмасмиди... Модомики, суд корпуси халқимизнинг дарди билан яшаб, уларнинг ишончини қозонмас экан, халқнинг юқори баҳосини олмас экан, судьяларимиз фаолиятининг самараси бўлмайди.

Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, бироқ адолатсизликка чидай олишмайди. Судья-бу адолат посбони бўлиши лозим.

Суд тизимида адолат тамо-йилларига нечоғли риоя қилинаётгани ҳақида атрофлича тўхтаб ўтилди.

Шу ҳолат давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида қайд этилди: «Асосий мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали хал-қимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода «Адолат қўрғони»га айлантиришдан иборатдир».

Бу биз, суд органлари ходимларидан катта масъулият ҳамда фидойилик талаб этади.

Судья ахлоқи билан боғлиқ масала ҳам барча замонда долзарб бўлиб келган. Зеро, одамлар тақдири, таъбир жоиз бўлса, ҳаёти судьялар қўлида экан, бу лавозимда фақат ва фақат адолат яловини маҳкам тутган инсонлар фаолият олиб бориши зарурлигини кўрсатади.

Йиғилишда адолат ва маънавият-ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ўқтириб ўтилди.

Айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, тамагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб келаётгани қаттиқ танқид қилинди. Ўзбекистон Республикаси олий судининг собиқ раҳбарлари айнан ана шундай ўта муҳим масалаларга вақтида эътибор қаратмагани туфайли соҳада жиддий камчилик ва муаммолар вужудга келгани афсусланарли ҳолат экани таъкидланди. Олий суднинг янги раҳбарлари олдига бундай камчилик ва муаммоларни тезлик билан бартараф этиш, суд органлари ва судьялар фаолиятини қонун ва адолат талаблари асосида самарали ташкил этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Инсон тақдирини ҳал этишда судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик устувор бўлиши шарт.

Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан одамларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо бериш зарурлиги қатъий таъкидланди. Шу мақсадда илгари сурилган муҳим бир фикр-ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш ҳақидаги таклиф иштирокчилар томонидан тўлиқ маъқулланди.

Судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш вақти келгани қайд этилди. Бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо беради, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда судьяларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Президентимиз томонидан бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ихтисослашган ўқув муассасаси-Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақида билдирилган таклиф йиғилиш қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Тадбирда яна бир муҳим таклиф-халқ олдида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги ижобий тажрибаларини оммалаштириш учун «Судьялар клуби» ва «Суд ҳимоясида» рукнлари остида марказий телеканаллар ва газеталарда мунтазам равишда туркум кўрсатув ва мақолалар эълон қилиб бориш ҳақида амалий фикр илгари сурилди ва йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланди.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бу борадаги ишларни маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларида кўриш кўламини кенгайтириш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, жумладан, электрон суд стенографияси, видеоконференцалоқани кенг жорий этиш, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминловчи идоралараро электрон маълумот алмашиш тизимини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш жараёнини доимий ўрганиб, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, уларнинг ҳар бири бў-йича аниқ тавсия ва амалий кўрсатмалар берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кунда давлат бошқаруви органларида фаолият кўрсатаётган барча инсонлар қатори судьялар фаолиятининг ҳам кундалик қоидаси бўлиб қолиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Умуман, бугун халқ орасига кириб бориш, уларнинг дарди билан яшаш, керак бўлса, муаммоларини жойида ҳал этиш ҳар бир давлат хизматчисидан, шу жумладан, судьялардан ҳам катта фидойилик талаб этади.

Судьялик улкан ақл-заковат ва кўп йиллик ҳаётий тажрибани, интизом ва покизаликни тақозо қиладиган масъулиятли, мураккаб, шу билан бирга, шарафли касб ҳисобланишини ҳар бир судья ҳар доим ёдида тутиши шарт!

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ривожи йўлида кўрсатилаётган алоҳида эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдириб, ҳар томонлама чуқур асослаб берилган долзарб вазифаларни амалга ошириш борасида ўзаро ҳамжиҳатликда, самарали иш олиб бориш ва белгиланган мақсадларга эришиш Ўзбекистон судьялар ҳамжамияти, суд-ҳуқуқ тизимида хизмат қилаётган барча ходимларнинг ғоят масъулиятли ва шарафли вазифаси эканлиги таъкидланди.

Туман ҳокими Б. Юсупов, жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Э. Тожибоев, туман прокурори Д. Умаралиев йиғилиш кун тартибидаги долзарб масала юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.