2017 йил 29 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ ҳамда узлуксиз таъминлаш, технологик жиҳатдан ва маънавий эскирган инфратузилмаларни модернизация қилиш бўйича амалий чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратиб келиняпти. Юртбошимизнинг юқоридаги Фармони эса мамлакат ёнилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этишнинг таъсирчан механизмларини яратишга қаратилганлиги билан ҳам ўта аҳамиятлидир.

Хусусан, мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр, газ узатиш ва тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига кўра, Мажбурий ижро бюроси марказий аппаратининг ташкилий-штат тузилмаси; Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмалари; Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси тўғрисидаги Низом; Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати, Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар башқармалари,  Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлимлари, Мажбурий ижро бюроси туман бўлимлари ходимларининг ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари иловаларга мувофиқ тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига:

зарур ҳолларда Бюро ва унинг ҳудудий тузилмаларининг ташкилий-штат тузилмаларига ўзгартишлар киритиш;

Бюро ва унинг ҳудудий тузилмаларига Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жам- ғармаси маблағлари ҳисобидан штат бирликлари киритиш ҳуқуқи берилди.

Бюро Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан та-йинланадиган ва озод этиладиган директор томонидан бошқарилиши; ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори олдида ҳисобдор ҳисобланиши; Бюро директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосарига тенглаштирилиши белгилаб қўйилди.

Қарорга асосан, Бюро Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Марказий Банки, Молия, Иқтисодиёт, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг статистик ахборот юборилиши шарт бўлган реестрига киритилди.  

Мажбурий ижро бюросига жумладан, қуйидаги ваколатлар берилди:

- энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, улар учун ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

- етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк ҳисоб рақамларидан сўзсиз ундириш;

- етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида иш берувчиларга талабномалар юбориш;

- энергия ресурсларини етказиб бериш ва фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни бузганлик учун юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш;

- ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда, истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиш;

- энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш.

Фурсатдан фойдаланиб, Президентимизнинг юқоридаги Фармонига асосан, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилганини эслатиб ўтмоқчи эдик;

истеъмолчилар – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10-санасигача ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари керак, акс ҳолда, қарздорлик мавжуд бўлганда, белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий узилади;

истеъмолчиларга энергия ресурсларини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда, мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади;

электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи – жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, истеъмолчи – юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади.

Истеъмолчи энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг лозим даражада эксплуатация қилиниши ва созлиги учун жавобгардир.

Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги Фармони билан суд департаменти тугатилди, «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» компанияларининг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича электромонтёр ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича назоратчи штат бирликлари қисқартирилди. Ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, энергия ресурслари учун қарздорлик мавжуд бўлганда истеъмолчиларни тармоқдан узиш тартиби аниқлаштирилди.

Бундан ташқари, Фармонда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини ҳамда бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Фармон ижроси доирасида манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан энергия ресурслари истеъмолчилари хатловдан ўтказилади. Бунда кадастр ҳамда лойиҳа ҳужжатлари, шартномалар, тармоққа уланиш схемалари, ҳисобга олиш асбоблари ва уларнинг созлиги ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ушбу соҳада қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилади.

Т. Рафиқжонов туман прокуратураси терговчиси,  лавозимида иш ўрганувчи.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.