Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишонч-ли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз томонидан белгилаб берилган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам бу вазифалар устувор йўналиш сифатида алоҳида қайд этилган.

Кейинги пайтда Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимини такомиллаштириш, унинг, биринчи навбатда, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаши керак бўлган қуйи бўғинларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, бевосита ахлоқ-тузатиш муассасаларида қоидабузарликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича катта кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кўрилган чоралар ички ишлар идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг тинч ва осойишта турмушини таъминлаш, мамлакатда жиноятчилик даражаси ўсишининг олдини олишга имкон берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва қонун устуворлиги принципини қарор топтириш учун, энг аввало, давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Аммо қонун ҳимоячиси мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, қонунбузарликка йўл қўйса-чи? Унда қонун билан қўриқланадиган давлат ва жамият манфаатларига жиддий зиён етади. Буни 1967 йилда Чуст туманида туғилган, вилоят жазони ижро этиш калонияси бошлиғининг тартибот ва тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган И. Маҳмуд «қонун ҳимоячиси» сифатида бошқалардан кўра яхши биларди. Аммо нафс қулига айланиб қолган бу кимса нопок мақсади йўлида мансаб ваколатларидан фойдаланиб, маҳкумларга нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлиб, уларни камситиб, таҳқирлашгача бўлган хатти-ҳаракатлар содир этиб келган.

Юртимизда инсон қадр-қиммати, манфаати олий қадрият сифатида улуғланади. Шу боис ҳам жиноятга қўл урган инсонни жазолаш эмас, балки жиноят йўлига кирган шахснинг ҳар қандай қилмиши учун жазонинг муқарарлигини англаб етишишини таъминлаш, уни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. И. Маҳмуд зиммасига ҳам ана шундай масъулиятли вазифа юклатилган эди. Бироқ у адашиб, жиноят кўчасига кириб қолган кишиларга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига, уларни қўрқитиб, турли йўллар билан тазйиқлар ўтказиб, товламачилик йўли билан улардан пул талаб қилиб келган. Кунларнинг бирида И. Маҳмуд ўзи ишлаб келаётган колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум А.Г.ни ҳузурига чорлаб, колонияда яхши шароитлар яратиб беришга ваъда қилиб, ундан 500 АҚШ доллари талаб қилади. Мабодо айтилган миқдордаги пулни бермаса, унга нисбатан турли тазйиқлар ўтказиб, интизомий бўлимга қамаб қўйиши мумкинлиги ҳақида маҳкумни огоҳлантиришни ҳам унутмади.

Табиийки А.Г. И. Маҳмуд томонидан товламачилик йўли билан талаб қилинган пулни беролмади ва оқибатда уни ҳақоратлари ва тазйиқларига дош беришга ва ҳатто ҳеч қандай тартибсизликка йўл қўймаган бўлсада, колониянинг интизомий бўлими қамоқхонасида ётишга мажбур бўлди.

И. Маҳмуд бу маҳкумдан пул ундиролмаганидан хуноб бўлиб, бошқалардан ҳам худди шу зайл-даги шартлар билан пул талаб қила бошлади. Жумладан, маҳкумлар О.Н. У.Ф ва А.Э. ларга ҳам қариндош-уруғлари уларни кўришга келганда моддий бойликлар, пул бериб кетишини, шундан сўнг уларга  енгиллик беришини айтади. Аммо маҳкумлар моддий аҳволлари ночорлигини айтишгач, И. Маҳмуд уларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиб келган.

Лекин бу ҳол узоққа чўзилмади. Қамоқхона мансабдор шахси И. Маҳмуднинг қилмишлари ошкор бўлди. У судда ўзини қанчалик оқлашга уринмасин, мавжуд далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари олдида ожиз қолди. Суд уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 165-моддаси 2-қисмининг «а»банди, 235-моддаси 2-қисмининг «а,г» бандлари, 206-моддаси 2-қисмининг «в» банди ва 207-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни  содир этганликда айбдор, деб топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пренумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорининг 1-бандида: «Судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқарарлиги принципларига қатъий амал қилишига қаратилган» деб алоҳида белгиланган. Ушбу қарорнинг 3-бандида: «Жиноят кодексининг 8,54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак», деб кўрсатилган.

Шу сабабли суд ҳайъати, судланувчси И. Маҳмудга нисбатан жазо тайинлашда жиноятни мансабига совуққонлик билан қараб, ғаразли ва паст ниятларда содир этганлигини оғирлаштирувчи ҳолатлар, деб ҳисоблаб, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини эътиборга олиб, қонун доирасида жазо тайинлашни ҳамда жиноятни бевосита мансаб ваколати билан боғлиқ ҳолатда содир этганлигини эътиборга олиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, муайян ҳуқуқидан маҳрум қилиб, қонун санкциясида назарда тутилган жазо тайинлашни лозим топди.

Ж. Нуритдинов, туман прокурори ўринбосари.

М. Акрамов, «Косонсойнома» мухбири.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.