САВОЛ: Кўча-кўйда пул ёки бирор қимматли буюм топиб олган шахс уни нима қилиши керак? Буюмни ўзига олиши мумкинми? Қонун бўйича уни қайтариб берганлик учун мукофот ёки рағбатлантириш кўзда тутилганми?

Саволга Наманган вилоят «Адвокат сервис плюс» адвокатлик фирмаси адвокати Ғофиржон Каримов жавоб беради.

- Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида йўқолган ашёни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёки ашё эгасини ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзга маълум шахслардан бирортасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариши шарт, деб кўрсатилган (Кодекснинг 192-моддаси).

Башарти, ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспорт воситасининг эгаси бўлмиш шахсга топширилиши лозим. Агар топилган ашёни қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, уни топиб олган шахс топилма тўғрисида милицияга, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.

Башарти, бу органларга хабар қилинган пайтдан эътиборан олти ой мобайнида йўқолган ашёни  олишга ҳақли бўлган шахс аниқланмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади, агар бу шахс уни мулк қилиб олишдан бош тортса, ашё давлат мулкига ўтади.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 981-моддасида, йўқотилган буюмни топган шахсга мукофот тўлаш тўғрисида ошкора эълон қилинган ва буюмни топган шахсга ваъда қилинган мукофот тўланиши шартлиги кўрсатилган. Башарти мукофот ваъда қилган шахс мукофотни тўлашдан бош тортса, мукофот суд орқали ундирилиши кўзда тутилган.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.