Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашди. Бир умр қалбимда муҳрланиб қоладиган ана шу учрашувда қатнашиш шарафига муяссар бўлганимдан қалбим чексиз ғурур ва ифтихорга тўлди. Айниқса, прокуратура органларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор шахсан менга ҳамда ҳар бир ходим зиммасига катта масъулият юклаш билан бирга фидойи бўлишга ундади.

Ўтган даврда туманда қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш борасида талайгина ижобий ишлар амалга оширилди. Аммо шу билан бир қаторда қонун талаблари бузилишига ва айрим ҳудудларда жиноятларнинг ўсиб кетишига йул қў-йилганлиги ачинарлидир.

Ҳукуматимиз томонидан аҳолини кам таъминланган қатламини ижтимоий жиҳатдан қўллаш мақсадида имтиёзлар яратилган. Бироқ айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари мансабдор шахс-лари нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни тайинлаш ва тўлаш масалаларига тўраларча муносабатда бўлмоқдалар. Taҳлил ва текширишлар натижасига кўра, кўп ҳолларда муҳтож бўлмаган шахсларга нафақа тайинлаш, нафақа тўловларини турли йўллар билан талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, 4 та МФЙ мансабдор шахслари томонидан 152 млн. сўм нафақа пуллари ноқонуний тўлаб юборилиб, бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Тўлов интизоми тўғрисидаги қонун талабларини бажаришга барчамиз масъулмиз. Бироқ айрим масъул шахсларнинг  лоқайдлиги сабабли 253,7 млн. сўм дебитор ва 704,0 млн. сўм кредитор қарзлар пайдо бўлди, натижада ишчи ва хизматчиларга 179,4 млн. сўм иш ҳақлари қонунда белгиланган муддатларда тўланмади.

Асосий дебитор, кредитор ва иш ҳақидан бўлган қарздорлик “Пахта толаси” АЖ, ТАЙБ  ҳиссасига тўғри келади. Бу рўйхатни яна давом эттиришимиз мумкин. Мазкур корхона  мансабдор шахслари ўзларига жиддий хулоса чиқариб олишлари керак.

Тўлов интизомига оид қонунлар ижроси юзасидан олиб борилган назорат тадбирлар натижасига кўра, йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш учун жойларга 6 та тақдимнома киритилган, қарзларни ундириш чорасини кўрмаганлиги учун 6 нафар мансабдор шахсга МЖтКнинг 175-моддаси 3-қисми билан маъмурий, ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган 65 нафар шахсга интизомий жавобгарлик чоралари кўрилди.

Давлат бюджетининг асосий қисми солиқ тўловлари ҳисобига шаклланади. Лекин йил якуни бўйича солиқ ва бошқа тўловлардан 15.3 млрд. сўм боқиманда қарз юзага келганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Солиқлар ўз вақтида туширилмаса бюджетдан молиялаштириладиган маблағлар вақтида шаклланмайди, иш ҳақи, пенсия ва бошқа тўловларни молиялаштиришда кечикишлар вужудга келади.

Бюджет маблағларини мақсадли сарф қилиниши устидан молия ва ғазна идоралари қатьий иш олиб бормагани натижасида, 76.4 млн. сўм маблағлар мақсадсиз сарфланган ҳамда талон-торож қилинган.

Масалан, тумандаги 4-сонли мусиқа ва санъат мактаби директори Б.Акбаров ва бош ҳисобчиси Б.Шариповлар бир гуруҳ бўлиб, 2014 йилдан 2016 йилгача 20 нафар ходимга 11 млн. сўм ортиқча иш ҳақи тўлаб юбориб, бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилишган. Ёки,  Косонсой технология иқтисодиёт коллежи директори Р.Расулов ва бош ҳисобчиси А.Шариповлар коллежнинг 4 нафар ишчиси томонидан ҳақиқатда бажарилмаган ишларни бажарилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар тузиб, уларга жами 8.8 млн. сўм иш ҳақи тўлашга йўл қўйишган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “б,в.г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Аҳолини иш билан банд қилиш долзарб масала. Ўтган даврда 786 та янги иш ўринлари яратилганлиги ва 756 нафар  аҳоли иш билан банд қилинганлиги ҳақида ҳисоботлар тузилди.

Бироқ, ўрганиш давомида 11 та янги иш ўрни ва 22 нафар шахс ишга жойлаштирилганлиги ҳақидаги ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланган.

Меҳнат ярмаркалари ўта саёз, етарли тайёргарликсиз ва натижасиз ўтказилаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг 12 нафар мансабдор ва масъул шахслари санитария қоидаларини бузганликлари учун маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилгани бу соҳада талаб даражасида иш ташкил этилмаётганидан далолатдир.

Коммунал соҳада тизимли фаолият йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ҳақли эътироз кўпаймоқда. Ўтган даврда электр ва газ таъминоти корхоналари ходимларининг 71 нафари маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди.

Туманда ишбилармонлик кайфиятини шакллантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш  долзарб вазифалардан бири. Аммо нега туманда 895 та кичик бизнес субъектлари рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 108 таси фаолият кўрсатмаяпти? Бу масалаларда ҳокимлик қошидаги махсус комиссия жиддий иш олиб бориши керак.

Айрим ҳолларда тадбиркорларни фаолият кўрсатмаслигига назорат ва бошқарув идоралари томонидан тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, ноқонуний текшириш ҳам сабаб бўлмоқда. Шу каби қонунбузилишларга йўл қўйганлиги учун 4 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида» қонун талабларини сўзсиз бажариш  ҳар бир масъул шахснинг бурчидир. Мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 216 тага ошиб, асосан Косонсой шаҳар (128 та), “Косон” ҚФЙ (119), “Чиндовул” ҚФЙ (124) ва “Ёшлик” ҚФЙ (98) ҳудудлари ҳиссасига тўғри келди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ҳам талаб даражасида эмас. Давлатга пахта сотиш режаси барбод бўлишига айрим фермерлар томонидан пахта экилиши лозим бўлган майдонларга режасиз бошқа экин экиб олингани ёки қаровсиз қолдирилганлиги сабаб бўлди.

Масалан, “Жобирбек Ҳасанбой даласи” фермер хўжалиги 2.5 гектар, “Лолазор серҳосил диёр” фермер хўжалиги 2.5,  “Косонсой роҳи сафед” фермер хўжалиги 2, “Кушон хос барака” фермер хўжалиги 2 ва “Жаннатим Райҳон” фермер хўжалиги 1 гектар пахта майдонига режасиз бошқа экин экиб олганликлари учун фермер хўжалиги раҳбарлари МЖтКнинг 65-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилдилар.

Энг ачинарлиси, пахта қабул қилиш масканининг моддий жавобгар шахслари томонидан мисқоллаб териб олинган пахтани ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиб келинган. Ана шундай қонунбузарликка йўл қўйгани учун Косонсой “Пахта толаси” АЖ пахта тайёрлаш маскани 2-зона товаршуноси Н.Муҳитдиновга ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Эртанги кун эгаси бўлган вояга етмаганларнинг таълим-тарбияси, соғлиғи энг муҳим масаладир. Давлатимиз томонидан таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор амалий чоралар кўрилди, қонунчиликка қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Лекин таълим муассасаларида бепул таълим берилиб, давлат томонидан катта маблағлар сарф қилинаётган бўлсада, ўқувчиларни дарс машғулотларига қатнашиш аҳволи ҳамон талабга жавоб бермайди. Ўрганиш жараёнида коллежларга мунтазам равишда машғулотларга бормаётганлар борлиги, айрим ўқувчиларнинг чет элга кетиб юборганлиги аниқланди.

Комиссия томонидан вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти - ҳаракатларга имкон туғдирувчи сабаб ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чора-тадбирлари лозим даражада амалга оширилмаган.

Битирувчиларни ишга жойлаштириш, улардаги меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам талаб даражасида эмас.

Жумладан, 2970 нафар коллеж битирувчиларининг бор-йўғи 40 нафари якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида рўйхатдан ўтган бўлса, кредит олиш истагини билдирган 217 нафаридан атиги 20 нафарига кредит маблағлари ажратилган холос ва 169 нафарининг бандлиги таъминланмаган.

Туманда умумий жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 тага камайган. Аммо айрим турдаги жиноятлар ортган. Жиноятчилик, айниқса, “Навбаҳор”, “Қўқимбой”, “Боғ”, “Чорбоғ”, “Узунқишлоқ” МФЙларда ўсишига йўл қўйилган.

Бу ушбу маҳалла фуқаролар йиғинлари мансабдор шахслари, профилактика инспектори ўртасида ҳамкорликнинг йўқлиги, маҳаллалар қошидаги комиссия амалда фаолият кўрсатмаганлиги “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга асосан жиноятчиликка қарши кураш маҳалла фуқаролар йиғинларининг бевосита вазифаси бўлсада, бу қонун талаблари бажарилмаганлигидан далолатдир. Бундан ташқари одам савдоси билан шуғулланишга мойил шахслар фаолияти устидан доимий назорат ўрнатиш, яшаш жойидан узоқ муддатга чиқиб кетганларни ўз вақтида рўйхатга олиш, қайтиб келганларини эса тиббий кўрикдан ўтказиш ва ишга жойлаштирилиши бўйича тиббиёт бирлашмаси ва Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорлик талаб даражасида эмас.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштириш, ҳуқуқий давлатни шакллантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг замирида эса, албатта, халқимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлатимизда олиб борилаётган сиёсатдан, ҳаётдан рози қилиш каби асосий вазифа турганлиги сир эмас.

Нима учун қонун бузилиши камаймаётганлигини ўзимизга савол қилиб қўйишимиз ва бунинг туб моҳиятини чуқур таҳлил этишимиз зарур.

Прокурор назорати ҳужжатлари қачонки ҳуқуқбузарлик содир этилганидан сўнг қўлланилмоқда. Уларнинг олдини олиш бўйича эса профилактика ишлари талаб даражасида эмас.

Бундай ҳолатларга чек қўйиб, амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳар биримиз фаол иштирок этишимиз шарт.

Бунинг учун биринчи навбатда, аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича ҳар биримиз кенг профилактика ишларини олиб боришимиз, иш ҳақидан бўлган қарздорликни бартараф этишимиз, коммунал соҳадаги дебитор ва кредитор қарзларни камайтиришимиз, соғлиқни сақлаш тизимида тубдан янгитдан иш ташкил этишимиз, фуқароларга яхши муомалада бўлиб, уларни дардига даво бўлишимиз, аҳолини ва коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз, ҳар биримиз фуқаролар билан кўпроқ мулоқот қилиб, уларнинг дардини эшитишимиз, муаммоларини ҳал этишимиз, тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлашимиз, уларни фаолиятига асоссиз аралашишга чек қўйишимиз, кичик корхоналар сонини кўпайтиришимиз, бир сўз билан айтганда, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда иш юритмоғимиз талаб этилади.

Д.Умаралиев, туман прокурори.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.