Мустақиллигимизнинг яна бир йили тарихга айланди. 2016 йилда кўрган-билганларимиз, эришган муваффақиятларимиз асло хотирадан ўчмайди. Эзгу ниятлар, олий мақсадлар сари Янги-2017 йил, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»га қадам ташладик.

Зокирхўжа Носиров, меҳнат фахрийси:

-Кириб келаётган янги - 2017 йил Президентимиз ташаббуслари билан «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди. Шубҳасиз, янги йилда инсон манфаатини биринчи ўринга қўядиган улкан устувор лойиҳалар амалга оширилади.

Айниқса, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорининг қабул қилиниши айни муддао бўлди.

Ушбу ҳужжатларда кўзда тутилган чораларнинг амалга оширилиши кексалар ва фахрийларнинг ёшларни тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этишга, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, кекса ёшдаги одамлар, имконияти чекланган шахслар ва ёлғиз кексаларнинг турмуш шароитлари ва сифатини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини кенгайтиришга кўмаклашади.

Инсон қадр-қиммати эъзозланаётган, унинг меҳнати муносиб баҳоланаётган юртнинг эртаси бундан ҳам фаровон бўлишига иншонаман.

Фарзандларим, набираларим, маҳалладошларим, бутун эл-юртимнинг ризқ-насибаси янада зиёда бўлсин.

Гавҳар Мирзараҳимова, меҳнат фахрийси:

-Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Янги - 2017 йилга «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» ном бериш таклифи билдирилди. Чунки бунинг замирида халқ билан янада яқинроқ бўлиб, унинг дарду ташвиши, орзу истакларини рўёбга чиқариш борасидаги ишларни янада кучайтириш мужассамдир. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш-аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Янги йилни оиламиз даврасида кутиб олдик. Минг шукрки, болаларимнинг бари ўқимишли, касбу корли, уй-жойи, оиласи тинч, бахти бут. Шуларнинг роҳатини кўраётганимдан, хуш кайфият билан байрамни нишонлаганимиздан бениҳоя хурсандман.

Буларнинг бари фаровонлигимиз ва бахтли турмушимиз ифодасидир.

Нигора Қодирова, 25-мактаб директори:

-Президентимизнинг Ўзбекис-тон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқларида ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилишини алоҳида уқтириб ўтдилар.

Албатта, бу вазифаларни бажариш биз педагоглар олдига катта масъулият юклайди.

Истиқлол йилларида жамиятимиз ҳаётини бутунлай ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Президентимиз ёшларга оид давлат сиёсатини нафақат давом эттириш, балки бу сиёсатни энг устувор вазифамиз сифатида бугун замон талаб қилаётган юксак даражага кўтариш талабини қўймоқдалар. Бу даъватлардан руҳланиб, янги йил арафасида жамоамиз билан бирга ўз олдимизга қатъий ва хайрли мақсадлар қўйдик. Фарзандларимизни ҳар тамонлама етук, билимли, янгиликка интилувчан, мустақил  фикрлайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган инсонлар қилиб тарбиялаш эзгу мақсадимиздир. Бунинг учун барча шароит ва имкониятлар етарли, биздан фақат изланувчанлик билан фидокорона меҳнат қилиш талаб этилади.

Янги йилда барчамизга янги-янги зафарлар ҳамроҳ бўлсин.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.