Ота - она, маҳалла - кўй назоратидан четда қолган Юнусжон Султонов (исми-шарифи шартли) охир - оқибат айни балоғат ёшида жиноят кўчасига кириб қолди.

Янгиқўрғон туманининг Зарбдор қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи бу йигит бошқа тенгқурлари сингари ҳалол меҳнат қилиб, оиласи фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшса бўларди. Аммо у енгил-елпи, қинғир йўл билан пул топишни афзал билди.

Бирор ерда ҳалол ишлашни ўзига эп билмаган Ю. Султонов бекорчиликдан зерикди, кўчага чиқай деса, чўнтагида ҳемири йўқ. Шундай кунларнинг бирида Қирғизистоннинг Подак қишлоғида яшовчи таниши Достонбек қўнғироқ қилиб қолди. Салом-аликдан сўнг Достонбек:  «Юнус, озгина юк бор, шуни чегарадан олиб ўтиб, Наманган шаҳрида яшовчи Ҳамидулло исмли шахсга етказсанг,  сенга у 500 минг сўм беради», деди.

Пулга муҳтож бўлиб турган Юнусжон сўраб - суриштирмай қирғизистонлик танишининг таклифига рози бўла қолди  ва ҳатто бу қинғир ишга маҳалладоши Жўра Соттиевни (исми-шарифи шартли) шерик бўлишга кўндирди.

Кеч кузнинг кунларидан бирида саҳарлаб йўлга чиққан икки отлиқ Янгиқўрғон тумани Ўзак қишлоғи билан туташтирувчи «Подак-Ўзак» божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар орқали қўшни давлат ҳудудига ўтиб, Подак қишлоғида яшовчи Достонбек исмли шахсдан хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дори-дармонларни отларга юклаб, шу куни келган йўлларидан  ортга қайтишди.

Юрт - бедарвоза эмас. Сергак чегарачилар қонунбузарлар йўлига  ғов бўлиб, юртдошларимизни истеъмолга яроқсиз дори-дармонлар хавфидан сақлаб қолишди. Чунки чегарадан ноқонуний ўтказилиш пайтида ашёвий далил сифатида олинган дори-дармонлар Ўзбекис-тон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат бошқармаси текширувидан ўтказилганда, уларда мувофиқлик сертификати мавжуд эмаслиги, белгиланган меъёрий ҳужжатлар талабларига мос келмаслиги, мамлакатимизнинг амалдаги қонунларига кўра, ушбу дори воситаларини сотиш тақиқланиши (қўлга олинган дори-дармонлар асосан шаҳвоний ҳирсни уйғотувчи воситалар бўлган) ва тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилмаганлиги маълум бўлди.

Ю. Султоновнинг бу қалтис қадами ўзи учун қимматга тушди.Суд уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси, 2-қисми «б, в» бандлари билан айбдор, деб топди ва беш йил муддатга қамоқ жазоси тайинлади.

Ашёвий далил сифатида олинган 7 турдаги  35.746.400 сўмлик яроқсиз дори - дармонлар суд ҳукми билан йўқ қилинди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.