«Ширин» қишлоқ фуқаролар йиғинининг Такаранг маҳалласида яшовчи Рисолат Алиқулова жорий йилнинг 8 октябрь куни Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилганди. Кўп ўтмай у кўтарган муаммо-қишлоқ йўлини асфальтлаш масаласи ҳал бўлди.

-Мен каби оддий фуқаронинг мурожаатига эътибор берилганидан бошим кўкка етди,-дейди Р. Алиқулова. - Ўзбекистон ҳукумати порталида Бош Вазирнинг виртуал қабулхонасининг ташкил этилиши мустақил юртимизда инсон манфаати ҳамма нарсадан устун эканлиги, бу принципга изчил амал қилинаётганидан далолат беради.

Аслида Р.Алиқулова тилга олган муаммони Бош вазиримизга етказмай туриб ҳам ҳал қилса бўларди. Бунинг учун  маҳаллий раҳбарлардан тортиб мансабдор шахсларгача Биринчи Президентимиз даъват қилганларидек уйғоқ виждон билан яшаши керак. Айни кунларда вилоят прокуратурасининг масъул ходимлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларни яшаш ва иш жойларида мутасадди идоралар раҳбарлари билан ҳамкорликда сайёр қабуллар ташкил қилаётгани айни муддао бўлди.

-Яқинда бизнинг «Ширин» қишлоқ фуқаролар йиғинида ана шундай қабул ўтказилди. Унда мен ҳам қатнашиб, қишлоғимизга тааллуқли муаммоларни кўтардим. Жумладан, кейинги йилларда қишлоқларимиз обод бўлиб бормоқда. Қани эди, бизнинг қишлоқ кўчалари ҳам шаҳарларимиздагидек тунлари ҳам нурафшон бўлса, чиқиндиларни чиқариш тизимли йўлга қўйилса. Таклиф сайёр қабул қатнашчиларини бефарқ қолдирмади. Туман электр тармоқлари корхонаси ва Ободонлаштириш бошқармаси раҳбарларига бу муаммоларни ҳал қилиш ва жуда қисқа муддат - 2 кун ичида туман прокуратурасига ахборот бериш вазифаси юклатилди. Бош вазиримизнинг ташаббуслари ва топшириқлари билан қуйи бўғин раҳбарларининг сайёр қабуллари ташкил этилаётгани халқнинг оғирини енгил қилишда, келажакка ишончининг янада ортишига хизмат қилмоқда, деб баралла айтишим мумкин, -дейди Р.Алиқулова.

-Вилоят прокуратураси томонидан жойлардаги масъул раҳбарлар иштирокида фуқароларнинг яшаш ва иш жойларида сайёр қабуллар ташкил этилишидан мақсад Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида» Қонуннинг тўлақонли ижросини таъминлашда раҳбарларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўз ўрнида ҳал этишга эътиборни янада  кучайтиришдан иборатдир, -дейди туман ҳокимлиги девонхона мудири Т. Сотиболдиев.- Ўтган қисқа вақт ичида Тергачи, Қўқимбой, Косон, Чиндовул, «Ширин», «Ёшлик» қишлоқ фуқаролар йиғинларида бундай сайёр қабуллар ташкил қилиниб, уларда ўнлаб юрт-дошларимиз ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар билан тўғридан тўғри мутасадди идоралар раҳбарларига мурожаат этдилар.

Шуниси эътиборлики, айрим масалалар жойида ҳал қилинган бўлса, аксариятига қисқа муддат белгиланиб, мутасадди раҳбарлар томонидан бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, Тергачи ҚФЙда ўтказилган сайёр қабулда «Сой бўйи» маҳалласида яшовчи М. Бобоева 2016 йил 24 январь куни суд ҳал қилув қарорига асосан 34,8 сотих ер майдонини бириктириб берилишини сўраб, туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш. Дадабоев унинг мурожаатини ўрганиш натижаси бўйича ахборот берди ва фуқарога ушбу масала фуқаролик суди томонидан кўриб чиқилганлиги суд қарори туман ижро департаментига юбрилганлиги ҳақида тушунтирилди ва масала жойида ҳал қилинди.

Меҳнат фаҳрийси А. Кўпайсинов қишлоқни кесиб ўтувчи Хитойсойда кетма-кет сел келиши оқибатида унинг қирғоқлари емирилиб кетганлиги, қирғоқ минтақада жойлашган уй-жойлар сел пайтида хавфли ҳудуд бўлиб қолганлиги ҳақида мурожаат қилди. Туман ИИБ бошлиғи Н. Мирзаҳмедов бу масала долзарб аҳамият касб этиши, ҳолат ўрганиб чиқилиб, сел хавфи мавжуд ҳудудда яшовчи оилаларга ер участкаси ажратилганлигини билдирди. Сайёр қабул йиғилиши қарорига кўра, ушбу масала қўшимча ўрганилиб, аҳолини кўчириш чораларини  кўриш ва туман прокуратурасига ахборот бериш вазифаси юклатилди.

Бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилган бундай сайёр қабуллар фуқаролар фаоллигида ўтиб, ўз таклиф, ариза ва шикоятларини билдиришган бўлишса, мутасадди идоралар раҳбарларига кўтарилган масалаларни зудлик билан ҳал қилиш бўйича вазифалар юклатилди.

Сайёр қабулларда вилоят прокуратурасининг тармоқ раҳбарлари А. Усмонов, Ҳ. Раҳматуллаев, туман ҳокими Б. Юсупов, туман прокурори Д. Умаралиев, мутасадди идоралар раҳбарлари қатнашдилар.  

Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ҳамда вилоят прокуратураси томонидан ташкил этилган бундай сайёр қабулларга мурожаатлар халқимизнинг давлат ҳокимиятига ва жамиятда қонун устуворлигига ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.