Жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк солиғи ва ер солиқлари маҳаллий бюджет даромадларини тўлдириб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, уларнинг қиёфасини ўзгартириш ва ободонлаштириш, энг асосийси, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш каби мақсадларга сарфланади.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мус-тақил институти Наманган ви-лояти ҳудудий бўлинмаси мажлислар залида Ҳудудий бўлинма ҳамда вилоят Давлат солиқ бошқармаси ҳамкорлигида жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк солиғи ва ер солиқларини ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар ҳисоб-китоб қилиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, вилоят Давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Матбуот анжуманини Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зафар Худойбердиев очди ва олиб борди.

Анжуманда вилоят Давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Ҳамидов ва бошқарма бош инспетори Орифжон Абдуллаевлар журналистларга кўтарилган масала юзасидан маълумот бердилар.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори билан солиқ қонунчилигига ўзгартиришлар киритилди ҳамда солиқ ставкалари тасдиқланди.

Хусусан, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан келиб чиқиб, лекин 3 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордан ҳисоблаш тартиби жорий этилди. Шунингдек, жисмоний шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,5 фоиз миқдорида белгиланди.

2016 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 квадрат метрдан 500 квадрат метргача бўлган турар-жой ва квартираларга 1,6 фоиздан 1,8 фоизгача, майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар-жой ва квартиралар учун эса 2,2 дан 2,5 фоизга оширилди. Бундан ташқари, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган турар-жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари – 1,8 фоиз миқдорида белгиланди.

Жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш органлари томонидан белгиланган инвентаризация қиймати бўлмаганда, солиқни ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 20328, 0 минг сўм миқдорида, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларида эса 8833,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинди.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар-жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматидан келиб чиқиб икки баравари миқдорида ундирилади.

Мол-мулк солиғи ва ер солиқларини ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўлаш белгиланган бўлиб, уни ўз вақтида амалга оширмаган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилади. Яъни, солиқ кодекси талабларига мувофиқ, тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан, ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади. Фуқаро солиқ органи томонидан солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома берилгандан сўнг ўн кун ичида қарзини узмаса, мажбурий ундирув чораларини кўриш бўйича судга даъво аризаси киритилади. Шунингдек, Ер кодексининг 36-моддасига асосан, ер солиғини мунтазам равишда тўламай келаётган фуқароларнинг бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи бекор қилиниш чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.

Матбуот анжумани давомида журналистлар соҳа мутасаддиларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этиб, тегишли жавобларни олдилар.

 

Адҳамжон Мадмусаев, Фуқаролик жамияти

шаклланишини мониторинг қилиш мустақил

институти Наманган вилояти ҳудудий

бўлинмаси бош мутахассиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.