Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётида муҳим ижтимоий-сиёсий, тарихий аҳамиятга эга  воқеадир. Сайловни қонун талаблари асосида, умумэътироф этилган халқаро меъёрларга мувофиқ ўтказиш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг сайлов қонунчилиги бўйича билимларини юксалтириш жуда долзарб.

Шу боис газетамиз саҳифаларида «Сайлов қонунчилиги» рукни остида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юзасидан саволларга жавоб қайтаришни ташкил этиб боришни мақсад қилдик. Бугун эътиборингизга илк саволлар ва уларнинг жавобларини ҳавола этяпмиз.

САЙЛОВ ПРИНЦИПЛАРИ

Савол: Президент сайловини ўтказиш принциплари нималардан иборат?

Ҳ.Равшанов,

Косонсой шаҳри

Жавоб: «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси айнан шу ҳақида. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентининг сайлаш бўйича сайловолди кампа-ниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш - ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси битта овозга эга.

КИМЛАР АЪЗО БЎЛАДИ?

Савол: Округ ва участка сайлов комиссияларига кимлар аъзо бўла олади?

Р.Солиев, Косон ҚФЙ.

Жавоб: Округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан танлаб олинади.

 А. Олимов ва М.Акрамов

тайёрлади.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.