Савол: Сиз  дўкондан сотиб олган маиший техника товарингиздан фойдаланиш даврида нуқсони мавжудлигини билиб қолдингиз. Лекин ушбу муддат ичида товарнинг нархи сезиларли даражада ошди. Сотувчи Сизга айни шундай маркали товарга алмаштириб ва белгиланган тартибда ошган нархига нисбатан қайта ҳисоб-китоб қилиб берилишини талаб қилди. Ушбу ҳолат бўйича Қонуннинг қайси моддасида қандай ҳолат кўрсатиб ўтилган?

Жавоб: "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан нуқсонли товар айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилган вақтда товарнинг нархи ўзгарган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.

Савол:  Сиз харид қилган телевизор кафолат муддати тугашига 1 ой қолганида нуқсони туфайли ишдан чиқди. Тегишли кафолат муддати ичида хизмат кўрсатадиган устахонага мурожаат қилдингиз. Устахона 2 ой давомида телевизорни таъмирлаб, кафолат муддати тугади деган важлар билан таъмирлаш учун кетган ҳаражатларни қоплаб беришни талаб қилишди? Бу ҳолатда сизнинг ҳуқуқларингиз бузилганми?

Жавоб: Сиз кафолат муддатида таъмирлаш хизматини кўрсатадиган сервис устахонасига товарни таъмирлаш учун берган вақтдан бошлаб, товарнинг кафолат муддати товардан фойдаланилмаган даврга тенг муддатга узайтирилади. Юқоридагиларга асосан қўйилган талаблар  "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 15-моддаси талабларига зиддир.

Савол: Савдо дўконидан  харид қилган фотоаппаратингиз бир неча кундан сўнг бузилиб қолди. Бундай ҳолатда сиз уни харид қилган жойдан кафолатли таъмирлатиш ўрнига, нуқсонсиз янги аппаратга алмаштириш ёки бундай моделли аппарат бўлмаса, унда бош-қа турдаги аппаратга алмаштириб олишингиз мумкинми?

Жавоб: Албатта, мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикаси  "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасига  асосан Сиз товар харид қилган савдо дўконига мурожаат қилиб, агар ушбу нуқсон ишлаб чиқарувчи томонидан йўл қўйилганлиги аниқланган бўлса, товарни кафолатли таъмирлатиш ўрнига нуқсонсиз янги фотоаппаратга ёки бошқа турдаги товарга алмаштириб берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз.

Савол: Сиз савдо дўконидан харид қилган қанд маҳсулоти сифат жиҳатидан қониқарсиз чиқди. Устига-устак қанднинг қадоғидаги ёзувда ишлаб чиқарувчи, маҳсулот таркиби, яроқлилик муддати ва бошқа маълумотлар умуман кўрсатилмаган. Товар ҳақида зарур ахборотнинг йўқлиги қандай ҳолатларга олиб келиши мумкин. Қонуннинг қайси моддасида бу ҳолатлар акс эттирилган?

Жавоб: "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддасига асосан: ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат) ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.

Товар (иш,хизмат) ҳақидаги зарур ахборотнинг йўқлиги бундай товар (иш, хизмат)ни реализация қилиш маълумот берилгунга қадар тегишли давлат бошқаруви органининг кўрсатмаси бўйича тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Савол: Биз оила аъзоларимиз билан Тошкент шаҳридаги ресторанга кирдик, лекин у ерда бизга буюртмамиздан ташқари қўшимча равишда ҳўл мева ёки гўшт маҳсулотлари ассортисини олишимизни, олмасак, буюртма қабул қилинмаслигини таъкидлаб ўтишди. Ушбу ҳолатда ресторан ходимининг, яъни хизмат кўрсатувичининг хатти-ҳаракатлари қонунийми? Тўлиқ асослаб беринг.

Жавоб: "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 21-моддасида шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шу билан бирга ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига қўшимча товарлар сотиб олиш ёки қўшимча хизматлардан фойдаланиш ҳақида шарт қўйишга ҳақли эмаслиги белгилаб берилган.

А. Қаҳҳоров, туман ИҲҲҚ жамияти матбуот хизмати раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.