Қонунчиликка кўра, дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида ишлаш тақиқланади. Умуман ташкилотнинг ёки унинг алоҳида таркибий бўлинмаларининг, якка тартибдаги тадбиркорнинг кейинчалик нормал ишлаши олдиндан кутилмаган қайси ишларнинг шошилинч бажарилишига боғлиқ бўлса, ўша ишларни бажариш зарур бўлган тақдирда, ходимларни дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб этиш уларнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади.

Ишланмайдиган байрам кунларида ишлаб чиқариш-техник шароитларга кўра (узлуксиз ишлайдиган ташкилотлар) тўхтатиб туриш имкони бўлмаган ишларни (хизматларни), аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати юзага келтирадиган ишларни, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларини амалга оширишга йўл қўйилади.

Айрим ҳолларда ходимнинг розилигисиз ишга жалб этишга йўл қўйилади. Масалан, табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахт-сиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этишда. Марказлаштирилган иссиқ ва совуқ сув таъминоти ёки сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилиши учун ҳам розилик талаб этилмайди.

Акбаржон МАМАДАЛИЕВ, юрист.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.