Вояга етмаганлар тарбияси ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Сабаби, инсоннинг шаклланишида бу давр алоҳида аҳамиятга эга. Бола яхши ҳулқ-атворли кишиларга ёндашиб, чуқур билим олса, келгусида жамиятга нафи тегадиган одам бўлиб улғаяди, акс ҳолда  тарбияси бузилади. Ёмон одатларга берилиб қолса, келажаги яхши бўлмайди.

 Биз таълим муассасаларида, жамоат жойларида, компьютер ўйинхоналарида вояга етмаганлар томонидан жиноят ва хуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш чораларини кўриб келмоқдамиз. Турли мавзуларда суҳбатлар ўтказилиб, "Давомат", "Тиғ", "Тун" тадбирлари ташкил этилмоқда. Яқинда дарс вақтида юрган ўқувчиларни аниқлаш ва уларнинг машғулотларга иштирокини таъминлаш мақсадида туман марказидаги истироҳат боғи ҳамда бозор ҳудудида рейдлар ташкилланди ва тартиббузар ўқувчилар мавжудлиги аниқланди. Уларга нисбатан тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилди.

Компьютер ўйинхоналари ўрганилганда, 8 нафар вояга етмаган ўқувчилар ўйинхоналарда юрганликлари аниқланди ва улар  таълим муассасалари раҳбарларига топширилди. Дарсларга ўз вақтида иштирок этишлари тўғрисида огоҳлантирилди.

"Давомат" тадбири давомида дарс машғулотларига сабабсиз келмаётган ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида суҳбат ўтказилиб, фарзанди таълим олишида мажбуриятини бажармаган 10 нафар ота-оналарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-модда 1-қисмига асосан жарима жазоси тайинланди.

Ҳурматли ота-оналар, бугунги кунда ёшларга сифатли таълим бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини асло ёдингиздан чиқарманг. Шунингдек, ўғил-қизларни ёт ғоялардан асраш, уларни интернетнинг салбий таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш ҳам долзарб масала эканлигини бирор дақиқа бўлса-да, ёдингиздан чиқмасин.

Миролим ХОЛМИРЗАЕВ, Бекзод ТЎХТАБОЕВ, туман ИИБ ЖҲХ ХПБ ВЕБИГ ВЕМБ инспектор-психологлари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.