Мамлакатимизда жиноят содир этган шахсларни ахлоқан тузатиш, жамиятдан ажратмаган ҳолда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликда қайта тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилаяпти. Шулардан бири пробация хизматининг йўлга қўйилганидир. Мазкур хизмат Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 7 ноябрда қабул қилинган "Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 4006-қарори билан 2019 йил 1 январдан жорий этилган.

Хусусан, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт профилактика қилиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида пробация хизмати фаолиятида кўплаб чора тадбирлар амалга ошилмоқда.

Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, пробация бўлинмалари назорати остидаги шахсларнинг  хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Натижада назорат остидагилар томонидан қайта жиноят содир этилиши камайишига эришилмоқда.

Суд ишларини юритиш амалиётида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш амалиёти кенг тарқалди. Чунки озодликдан маҳрум қилиш - энг кўп ишлатиладиган жазо турларидан бўлиб, уни қўллаш қатор салбий ҳолатларни, жумладан, маҳкум оиласининг моддий аҳволига, оилаларнинг парчаланишига, шунингдек, шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатларга оид кўникмаларга эга бўлишига, жиноятнинг такрорланишига олиб келиши мумкин.

Ушбу салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш ва бу орқали назорат остидагилар томонидан қайта жиноят содир этилиши камайишига эришилмокда. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, республикамизда 2001 йилда битта инспектор 13 кишини назорат қилган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 108 кишига етди. Уларнинг асосий қисмини эса муддатидан илгари шартли озод қилинганларни ташкил қилмоқда.

Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ушбу ислоҳотлар хато қилган шахсга яна бир бор имконият бериш орқали уни яна оиласи бағрига қайтариш, хулқ-атворидаги нуқсонларни бартараф этишга кўмаклашиш ва жамиятга мослаштиришга хизмат қилади, дейиш мумкин.

Замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда жорий этилган бундай амалиёт жиноят содир этган шахсни мақсадли тарбиялаш ва унинг хулқини тузатишда ижобий натижаларга эришишни таъминлайди. Ислоҳотлар озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни кўпроқ қўллашга эришиш мақсадида амалда оширилмоқда. Пробация хизмати эса назоратдаги шахсларнинг ижтимоий мослашувига, ўқиш ва ишга жойлашишига кўмаклашади ҳамда улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Фозилжон НАБИЖОНОВ, Ўзбекистон Республикаси

ИИВ Академияси Жиноят-ижроия ҳуқуқи

факультети курсанти.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.