Айни пайтда кундалик ҳаётимизда "Аёлар дафтари", деган атама қўлланилмоқда, бироқ ҳамма ҳам бу дафтар ўзи нима, унинг аҳамияти қандайлиги ҳақида тўла тасаввурга эга эмас.

"Аёллар дафтари"  ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базасидир.

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2021 йил 8 январдаги "Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2-сонли қарорида "Аёллар дафтари" билан боғлиқ барча масалаларга аниқ тавсифлар келтирилган. Унга кўра, "Аёллар дафтари"га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:

- ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар. Бу тоифага ишсиз, аммо ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган, шу жумладан, меҳнат қилиш қобилиятини қисман йўқотган, бироқ ишлаш иштиёқи бўлган хотин-қизлар;

- боқувчисини йўқотган, яъни боқувчиси бўлмаган, қўшимча моддий ёрдамга муҳтож бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар;

- меҳнатга қобилиятсиз, ўзгалар парваришига муҳтож, ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;

- уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар. Бу тоифага меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган, ёлғиз яшовчи, уй-жойини таъмирлаш имконияти бўлмаган хотин-қизлар киради;

- нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;

- қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар.

Шунингдек, тиббий ҳимояга, ҳуқуқий ёрдам олишга эҳтиёжманд, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд ҳамда психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар  ҳам махсус дафтарга киритилади.

Эътиборлиси, "Аёллар дафтари" туфайли ўтган давр мобайнида бир қатор хотин-қизларнинг муаммоларига алоҳида эътибор қаратилди ва улар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Буни Мингбулоқ тумани мисолида кўрадиган бўлсак, 2021 йил давомида жами 3 минг 200 нафарга яқин хотин-қизлар "Аёллар дафтари"га киритилган ва уларнинг барчасига амалий ёрдамлар кўрсатилган. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлиги бўлган, уй-жойини таъмирлашга муҳтож ҳамда қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларнинг муаммолари ҳал этилишига эришилди. Жами берилган бир марталик  моддий ёрдамлар  миқдори эса 544 млн. 880 минг сўмни ташкил этди.

Жорий йил ҳам туманда изчил ўрганишлар олиб борилди. Аёллар билан суҳбатлар ўтказилиб, анкета-сўровномалар тўлдирилди ҳамда рўйхатлар  шакллантирилди. Албатта, уларнинг талаб ва эҳтиёжи асосида бу йил ҳам қатор эзгу ишлар рўёбга чиқарилади. Хотин-қизларга бўлган эътибор ва эъзоз кучайса кучаядики, асло сусаймайди. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда "...хотин-қизлар ва оила масаласи - бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир".

Мираббос МИРЗОКИРОВ, Мингбулоқ тумани

адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.